Ўзбекистон дзюдо федерацияси жорий йилнинг 3-5 март кунлари Тошкентда ўтадиган “Катта дубулға” турнирида қатнашиш учун бугунгача қанча давлат терма жамоалари рўйхатдан ўтганини эълон қилди.

Хабарда келтирилишича, «Париж-2024» Олимпиадаси рейтинг очколарини тақдим этадиган Тошкент баҳсларида ҳозирча беш қитъанинг 26 та терма жамоаси дастлабки талабномаларни тақдим этган.

Улар орасида Канада, Марказий Африка Республикаси, Хитой Тайпейи, Куба, Кипр, Эстония, Буюк Британия, Ямайка, Қозоғистон, Ливан, Монако, Черногория, Янги Зеландия, Польша, Самоа, Саудия Арабистони, Словения, ЖАР, Испания, Швеция, Швейцария, БАА, АҚШ, Вьетнам, Туркманистон жамоалари бор.

Тошкент татамиларидаги муросасиз баҳсларда ўнлаб Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионати ғолиблари қатнашиши кутилмоқда.

Яна бир эътиборли жиҳат, мазкур “Катта дубулға” турниридан сўнг пойтахтимизда дзюдо бўйича ўнлаб давлатларнинг терма жамоалари иштирокида халқаро ўқув-машғулот йиғини ўтказилиши назарда тутилган.


Т.Рўзиев, ЎзА