Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлигида триатлон, камондан отиш ва футбол спорт турлари бўйича “Ханчжоу-2022” Осиё ҳамда “Париж-2024” Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича тақдимот ўтказилди.

Таъкидланганидек, шу пайтгача ўтган Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси мазкур спорт турларида иштирок этмаган.

Тақдимотда Триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун, Камондан отиш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Имамов ва ЎФА бош котиби Аваз Махсумов давлатимизнинг қўллаб-қувватлаши, тайёргарликнинг махсус режаси, тизимли ишларнинг амалга оширилиши туфайли ушбу спорт турларида “Париж-2024” Олимпия ўйинларига йўлланмалар олиш имконияти ортгани хусусида тўхталиб ўтди. Ўтган йилги натижалар ҳамда 2023 йилда кутилаётган спорт тадбирлари борасида фикр юритди.

Триатлон ва камондан отиш спорт турларида атлетларимиз алоҳида йўлланмалар учун кураш олиб боришлари билдирилди.

Жамоавий спорт турлари орасида айнан футболда Олимпиада йўлланмасига эга бўлиш йиллар давомида нафақат футбол мутахассисларининг, балки миллионлар ўйини ихлосмандлари учун ушалмас орзу бўлиб келмоқда.

ЎФА бош котиби Аваз Махсумов Миллий олимпия қўмитаси қошида “Олимпик” клубининг ташкил этилгани Ўзбекистон Олимпия терма жамоасининг шаклланишида катта аҳамиятга эга бўлгани, ушбу лойиҳа ўтган йилги Осиё кубогида ўз самарасини кўрсатгани ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, у “Ханчжоу-2022” Осиё ўйинларида мамлакатимизнинг аёллар ва эркаклар терма жамоаси иштирок этиши, ҳар икки йўналишда ҳам Олимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб бориш имкониятлари мавжудлигини урғулади. Ушбу мақсад йўлида Ўзбекистон футбол ассоциациясида тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда мақсадли вазифалар бажарилаётгани, футбол жамоаларига зарур шарт-шароитлар яратилаётгани аниқ рақамлар ҳолатида кўрсатиб ўтди.

Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов, Миллий олимпия қўмитаси раиси маслаҳатчиси Алишер Каримов, мутахассислар қатнашган тақдимот давомида турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таклифлар илгари сурилди.

Мазкур спорт турларида спортчиларимизнинг “Париж-2024” Олимпиадасидаги қатнашуви таъминланса, тўрт йиллик ўйинларда Ўзбекистон спорти учун янги саҳифа очилишига эришилади. Албатта, бу орзу. Орзулар эса машаққатли меҳнат ва изланиш натижасида амалга ошади.


Тўлқин Рўзиев, ЎзА