Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Жаҳон банки, «Clarivate» компанияси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Web of Science» миллий обунасининг очилиш маросими ўтказилди.
Тадбирда олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Шаҳло Турдиқулова Ўзбекистонда илм-фан соҳаси жадаллик билан ривожланаётгани, бунга илм-фаннинг устувор йўналишлари бўйича олим-тадқиқотчиларнинг нашр ишлари асос бўлаётганини таъкидлади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан мамлакатимиз олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасаларининг дунё илмий нашрларининг халқаро етакчи маълумотлар базаларига обуна бўлишини таъминлаш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Улардан бири «Clarivate» компанияси томонидан ташкил этилган «Web of Science» маълумотлар базасига кириш имкониятининг яратилганидир.
Тадбирда «Web of Science» халқаро маълумотлар базасига Ўзбекистон Миллий обунасини ишга тушириш, олим-тадқиқотчиларга ундан фойдаланиш имкониятини яратиш, ноширлик фаолиятини амалга оширишдаги кенг шароитлар хусусида сўз юритилди.
«Clarivate» компаниясининг вице-президенти Стивен Хоторн «Web of Sciense» илмий маълумотлар базасининг имкониятлари билан таништирди. Шу билан бирга ушбу платформадан фойдаланиш имкониятига эга университетлар, илмий-тадқиқот институтлари вакилларининг ундан фойдаланганлик бўйича маълумотларига эътибор қаратди.
Мазкур компания катта стратегик маслаҳатчиси Валентин Богоров «Web of Sciense» платформасидаги «Clarivate» компаниясининг журналларида ўзбекистонлик олимлар томонидан эълон қилинган мақолалар бўйича маълумотлар юзасидан фикр билдирди. Таъкидланганидек, «Web of Science» энг сара илмий тадқиқотлар, цитаталар, мақолалар, дунёнинг қарийб 22 минг энг яхши илмий нашр ва журналларини ўзида жамлаган уникал илмий хазина, ғоят катта маълумотлар базасидир.
Кейинги йилларда кўплаб ўзбек олимларининг илмий изланишлари ҳам мазкур маълумотлар базасидан ўрин олмоқда. Бу эса юртимизда илм-фанга қаратилаётган эътибор, олимларнинг ўз ишларини халқаро миқёсда чоп этишга оид фаоллиги тобора ортаётганидан дарак беради. Ушбу маълумотлар базасига миллий обунанинг йўлга қўйилгани имкониятларни янада кенгайтиради.
Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси гуруҳ раҳбари Ерали Бексултон кейинги йилларда мамлакатда инновациялар, глобал билимлар соҳасини ривожлантириш, жараёнга янги стандартларни жорий этиш устуворлик касб этаётганини таъкидлади. Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Жаҳон банкининг Ўзбекистон Миллий инновация тизимини модернизация қилиш лойиҳаси ҳамда «Clarivate» компанияси ҳамкорлигидаги ишлар хусусида батафсил тўхталди.
У ўз нутқида илмий тадқиқотчилар, докторантлар ва олимларнинг фаолиятини ривожлантириш, консультатив кўмак кўрсатиш мақсадида ўзбекистонлик олимлар, олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари учун халқаро илмий базаларига миллий обунани молиялаштириш хусусида сўз юритди. Бу орқали юртимиз олимлари «Web of Science» жаҳон илмий ресурсларидан 3 йил давомида бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади. «Web of Science»га Ўзбекистон миллий обунасининг ташкил этилиши илмий ҳамкорликнинг кенгайиши, янги йўналишларни очиш, илмий таҳлилни янада юқори босқичга олиб чиқиш, илмий жараёнга магистр ва докторантларни кенгроқ жалб этиш, уларнинг илмий изланишлари билан атрофлича танишиш имконини беради.
Тадбирда олий таълим ва илмий муассасалар вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди.
Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (расм), ЎзА