Президентнинг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги жамоатчилик муҳокамасига қўйилган фармони лойиҳасида аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва уни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш чоралари белгиланди.

Жорий йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокорлик пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилиши кўзда тутилган.

18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлардан ўтказиш, спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар бола дори воситалари билан таъминланади. Шунингдек, эшитиш заифлиги мавжуд бўлган 250 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болада нутқ процессорларини алмаштириш чоралари кўрилади.

Мазкур амалий тадбирларга 308,4 миллиард сўм маблағ ажратилади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар берилиши босқичма-босқич электрон шаклга ўтказилади.

Бунда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва бошқа тиббий маълумотномалар Навоий ва Сирдарё вилоятларида – 2023 йил 1 июлдан бошлаб, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида – 2023 йил 1 октябрдан бошлаб, республиканинг бошқа ҳудудларида – 2024 йил 1 январдан бошлаб электрон шаклга ўтказилади.

2024 йил 1 январдан бошлаб тиббий маълумотномалар қоғоз шаклда талаб қилинмайди.

2023 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳрида босқичма-босқич давлат тиббий суғуртаси механизмлари жорий этилади. Сирдарё вилоятида тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ўтказилган эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда, ушбу тизим босқичма-босқич республиканинг бошқа ҳудудларида ҳам қўлланилади. Бунда, тиббий хизматларни молиялаштириш яхшиланиши ҳисобига аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳам ошади.

2023 йил якунига қадар ногиронлиги бўлган шахсларни амбулатор ва стационар шароитда бепул тиббий-ижтимоий реабилитация чоралари билан қамраб олиш кўлами 30 минг нафарга етказилиши кўзда тутилмоқда.

Натижада, бепул тиббий-ижтимоий реабилитация хизматини олаётган ногиронлар сони амалдаги 15 минг нафардан 30 минг нафаргача етказилади. Мазкур тадбирларга жорий йилда қўшимча 5 миллиард сўм маблағ ажратилади.

ЎзА