БМТ Бош Ассамблеясида Туркия ва Суриядаги зилзилаларда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси раиси Чаба Кереши 6-февраль куни йиғилишни Туркия ва Сурия халқлари ва ҳукуматларига ҳамдардлик сўзлари билан бошлади.
У Бош Ассамблеянинг барча делегатларини даҳшатли зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлашга таклиф қилди.
Туркия расмийларига кўра, зилзила қурбонлари сони 2 минг 921 кишига етган. 15 минг 834 киши жароҳатланган.
Президент Режеп Таййип Эрдоған Туркияда табиий офат қурбонлари муносабати билан етти кунлик миллий мотам эълон қилди.
AFAD маълумотларига кўра, Туркиянинг жануби-шарқида бир суткада магнитудаси еттидан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлган (маҳаллий вақт билан 04.17 да – 7,7 балл ва 13.24 да – 7,6 балл).
Туркия ҳукумати аҳолини ер силкинишидан қўрқиб, уйларига қайтмасликка чақирди.
ЎзА