Финландия агар аризаси Анқара ва Будапешт томонидан ратификация қилинса Швециясиз НАТОга аъзо бўлишга тайёр, деб ёзмоқда IltaLehti газетаси манбаларга таяниб.
«Агар баҳорда Туркия ва Венгрия Финландиянинг аъзолигини ратификация қилиб, бироқ Швецияни ратификация қилмаса шундай вазият пайдо бўлади», – дейилади хабарда.
Бу хабарни ташқи сиёсат ва хавфсизлик соҳаси вакили нашрга маълум қилгани айтилмоқда.
«Ушбу факт инобатга олиниши керак: биз Россиянинг чегарадош қўшнисимиз. Швециянинг геосиёсий ҳолати бизникидан кескин фарқ қилади», – дейилади манбалардан бирининг изоҳида.
Швеция ва Финландия ўтган йилнинг май ойида, яъни Украина можаролари бошлангандан кейин НАТОга аъзо бўлишга қарор қилган эди. Уларнинг аризасини альянсга аъзо 30 та мамлакатнинг 28 таси маъқуллади, фақат Венгрия ва Туркия қарши чиқди. Анқара Стокгольм билан Хельсинкидан ўтган ёзда уч томонлама имзоланган меморандумда кўрсатилган талабларни бажаришни кутмоқда.
Туркия Швеция ва Финландиядан Курдистон ишчи партиясини қўллаб-қувватлашни тўхтатишни ва терроризмга алоқадор фаолларини Туркияга беришни талаб қилиб келмоқда.