Бугун Туркияда содир этилган зилзиланинг маркази Қаҳрамонмарашда бўлган. Озарбайжон Миллий фанлар академияси ҳузуридаги республика сейсмологик маркази бош директори Гурбан Етирмишли қўшни давлатдаги табиий офат ҳақида ўз мулоҳазалари билан “Trend” агентлиги билан ўртоқлашган.

Унинг таъкидлашича, зилзила Муродли ҳудудидан бошланиб, Исломия деган жойгача давом этган, ҳаммаси бўлиб тўққиз дақиқа давомида ер силкиниб турган. Зилзила 8-15 километр чуқурликда содир бўлган.

“Шунинг учун ҳам 1760 та бино қулаб тушган”.

Етирмишли Туркиядаги зилзила сунъий равишда юзага келган тахминларни рад этди.

Мутахассис “зилзила ер тубидаги жараёнлар натижасида содир бўлади. Ҳар ким хоҳлаганини гапириши мумкин. Аммо бу сунъий равишда ташкил этилган портлаш эмас, балки чуқурликда тошларнинг ҳаракати натижасида содир бўладиган жараён” эканини қайд этди.

Марказ бош директори Баку қурилиш компаниялари илгарилари бунёдкорлик ишлари бошламасдан аввал жойнинг сейсмологик харитаси билан танишиб чиқар эди. 2019 йилдан бери бундай мурожаатлар қилинмайди, деди афсус билан.

Унинг таъкидлашича, Бокуда иккита бино ёнма-ён турган бўлса, улардан бири 8 балл, иккинчиси 9 баллгача бўладиган зилзилага чидамли.

“Чиройли бино бунёд этишдан аввал районнинг сейсмологик фаоллигини ўрганиш керак”, деб қайд этди  Гурбан Етирмишли.


Аброр ХОН, ЎзА