Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан эълон қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ижросини таъминлаш ишларини назорат қилиш, уни янада жонлантиришга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтади.
Миллий олимпия қўмитаси раҳбари йиғилишда фармонда белгиланган мамлакатимизда спорт эркин иқтисодий зонасини ташкил қилиш бўйича ишларни жонлантириш, унга йирик хорижий компаниялар ва сармоядорларни жалб қилиш бўйича алоҳида топшириқ берди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматидан хабар қилишларича, республика спорт федерациялар ва ассоциацияларининг қайтадан шакллантирилган штат жадвалларини яқин вақтлар ичида тасдиқлаши маълум қилинди. Шунингдек, яккакураш спорт турларида ҳар бир вазн тоифасида терма жамоа учун саралаб олинадиган тўрт нафардан спортчилар апрель ойидан Осиё ўйинларига қаратилган ўқув-машғулот йиғинларини бошлаши ҳақида тўхталиб ўтилди.
– Режа бўйича ҳар бир вазн тоифасида сараланган тўрт нафар спортчи 1 апрелдан бошлаб йиғинларни бошлаши керак. Улар Осиё ўйинларида ва унгача халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладилар. Бундан ташқари спорт учун йўналтирилаётган маблағларни мақсадли, сарфлаш назоратини кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун МОҚ қошида алоҳида инспекция ҳам ташкил қилдик.
Олимпия захиралари коллежлари фаолияти сифатига алоҳида эътибор қаратишимиз шарт. Қабул жараёнларини МОҚ, вазирлик ва федерация вакиллари иштирокидаги махсус комиссия назорат қилади. Улар турли кунларда ўтказилади. Қабул жараёнларида энг муҳими шаффофликни таъминлашимиз керак. Шу сабабли ҳам, улар оммавий ахборот воситалари орқали ёритилиб борилиши керак деб ўйлайман», – деди Умид Аҳмаджонов.
Йиғилишда Президент фармони асосида мамлакат олимпия терма жамоалари учун ажратилган ўқув-машғулотлар базалари учун лойиҳа ва сметани тайёрлаш борасида кўрсатма берилди.
Шунингдек, Умид Аҳмаджонов йиғилишда болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари фаолиятини қайта кўриб чиқиш лозимлиги, Наманган вилоятидаги гимнастикага ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига борганимда дзюдо татамилари жойлаштирилганлигига гувоҳ бўлдим. У ерда шунингдек, бокс бўйича машғулотлар ҳам ташкил этилар экан. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Ахир ушбу БЎСМ фақатгина гимнастика спорт турига ихтисослаштирилган», – деди МОҚ раҳбари.
Шунингдек, фармон асосида «Бунёдкор» спорт мажмуасини Ўзбекистон футбол ассоциацияси балансига ўтказиш, Қўқон шаҳрида қурилиши режалаштирилган янги замонавий стадионнинг лойиҳа ва сметасини ишлаб чиқиш, Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани Сижжак қишлоғида футбол бўйича терма жамоалар учун база бунёд этиш борасида Сардор Раҳматуллаев ва Омон Ғофуровга тегишли кўрсатмалар берилди.
Учрашувда терма жамоаларимизни кучайтириш учун хориждан малакали ва тажрибали мураббийлар жалб қилиш борасида ҳам гап борди. Сузиш, енгил атлетика, қолаверса, волейбол, баскетбол, теннис каби спорт турларига мураббийларни олиб келиш, уларга эса Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия университетининг юқори босқич талабаларини малака ошириш мақсадида бириктириб қўйиш таклифи ҳам берилди.
«Спорт» телеканали билан ҳамкорликда ташкил этилаётган «Спорт клуб» кўрсатувининг кейинги сонида спортнинг яккакураш турлари – таэквондо, бокс, спорт курашлари, каратэ ҳамда дзюдо федерациялари раҳбарлари ва спортчилари иштирокида дастур тайёрлаш борасида ҳам режа қилинди.
Ўз навбатида, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Шоакром Исроилов кўрсатувнинг кеча намойиш этилган илк сонида фарғоналик Ҳайдаржон Абдуллаевнинг каратэ бўйича йўллаган мурожаатини ўрганиб чиқиш ва керакли чораларни кўриш бўйича Жанг санъати ва яккакурашлар департаменти директори Сардор Тошхўжаевга топшириқ берди.