24 март куни Жаҳон Силга қарши кураш куни
Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилоти ташабуси билан ҳар йили 24 март куни Жаҳон Силга қарши кураш куни (World Tuberculosis Day) нишонланади. Бу кун 1982 йилдан бери Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Силга қарши кураш Халқаро Уюшмаси ташаббуси билан ўтказилади. 1998 йилда Жаҳон Силга қарши кураш куни БМТ томонидан расман қўллаб-қувватланди.
Маълумки, сил касаллиги 1993 йилда глобал муаммо деб эълон қилинган эди. Жаҳон Силга қарши кураш кунини нишонлашдан кўзланган асосий мақсад глобал эпидемия тўғрисида одамларни огоҳлантириш ва бу касаликни таг томири билан йўқ қилишга эътибор қаратишдан иборат.
Бу куннинг танланиши бежиз эмас. Чунки немис микробиолог олими Роберт Кох (Robert Koch) 1882 йилнинг 24 март куни сил тайёқчаларини кашф қилган эди. Ўшанда у Берлин Физиология жамиятида маъруза қилар экан, касалликни қўзғатувчи микобактериялар ёки Mycobacterium tuberculosis (Кох тайёчаси) хақида маълумот берган эди. 1882 йилда немис микробиологи Роберт Кох касаллик чақирувчи — таёқчаларни кўриш, аниқлаш, тасвирлаш имконини берувчи усулни кашф этди. 1905 йилда олим бу кашфиёти учун Нобель мукофотига сазовор бўлди. Нобелга лойиқ кўрилган яна бир ихтиро — рентген нури касаллик даражасини аниқлаш имконини берди. Ўтган асрнинг 30-йиллари касалликка қарши илк антибиотиклар тайёрланди. Бироқ бундай дори воситалари сил микобактериясига қарши курашишда яхши самара бермади. Фақат 1943 йилга келиб сил микобактерияси кўпайишининг олдини олувчи дори воситаси — стрептомицин кашф этилди. Унинг кашфиётчиси Сельман Ваксман 1952 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланди.
Бу тиббиёт соҳасида чинакам инқилоб бўлди — касаллик чақирадиган Кох таёқчасига бевосита таъсир ўтказиш воситасига айланди. Кейинроқ бошқа дори воситалари, хусусан, 1966 йилдан рифампициндан ҳам фойдаланила бошланди. Ўтган асрнинг 70-йилларида фтизиатрлар даволаш “чизмаси”ни ишлаб чиқди.
Қадимда сил наслдан-наслга ўтувчи ирсий касаллик деб ҳисобланган. Аслида у одамдан одамга ҳаво-томчи йўли орқали юқишини ҳеч ким билмаган. Шарқнинг машҳур алломаси, табобат илми султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида силнинг ташқи омиллар таъсирида юқиши мумкинлиги ҳақида фикр билдирган. Дарҳақиқат, асосан ўпка фаолиятини издан чиқарувчи “сил таёқчалари”(мycobacterium tuberculosis) бактерияси сил касаллиги қўзғатувчиси саналади. Микроблар бемор йўталганда, аксирганда, қаттиқ гаплашганда атрофга тарқалади. Бу кўзга кўринмас зарраларда минглаб сил таёқчалари бўлади. Сил микобактериялари мавжуд бўлган ҳаводан нафас олган кишининг иммунитети паст бўлса, хасталикни юқтиради.
Сил — узоқ муддат даволанишни талаб этадиган касаллик. Амбулатор шароитда беморлар ҳар куни сил касаллигига қарши курашиш диспансерларига бориб, кунлик дорини қабул қилишлари керак. Силга кўпинча ночор ҳаёт кечирадиганлар касаллиги деб қараларди. Бироқ бугунги кунда, ҳатто фаровон ҳаёт кечираётган одамлар ҳам унга чалиниши мумкин. Бунга касаллик авж олган минтақаларга аҳоли миграциясининг кучаяётгани сабаб бўлмоқда. Қолаверса, кучли руҳий зўриқиш ҳам бунда муҳим омил бўлаётир. Организми ҳолсиз бўлиб қолган одамлар сил микобактериялари таъсирига тез тушиб қолади. Таниқли олим Николай Гамалей ўз вақтида сил таёқчасига бежиз “даҳшатли зирҳланган” деб таъриф бермаган эди.
Сил — асрлар давомида инсониятга маълум юқумли хасталик. Эрамиздан аввалги V асрда қадимги юнон олими Гиппократ силга ўша даврда энг кенг тарқалган касаллик сифатида таъриф берган. У касалликка қарши чора йўқлиги, беморнинг ўлими шифокорларнинг обрўсига путур етказмаслиги учун ҳамкасбларига сил касаллигига чалинганлар олдига бормасликни маслаҳат берган. Сил касаллигини даволаш йўлида илк қадамни шу хасталикка чалинган немис олими Герман Бремер қўйган.
Шифокорлар унга табиати сўлим жойларга бориб ҳордиқ чиқаришни тавсия этади. Бремер эса Ҳимолай тоғларига саёҳат қилиб, ўз юртига тузалиб қайтади. Шундан сўнг у тиббиёт билан астойдил шуғуллана бошлайди. 1854 йилда ўз даврининг шов-шувига сабаб бўлган “Сил — давоси бор касаллик” мавзусида диссертация ҳимоя қилди. 1859 йилда Бремер Грёберсдорфда сил касаллигига чалинганларни даволашга мўлжалланган дунёдаги илк санаторияга асос солди.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бугунги кунда сил касаллиги туфайли бир йилда 1 миллион 600 мингга яқин киши вафот этади. Халок бўлаётганларнинг катта қисмини, тўғрироғи 95 фоизга яқинини ривожланаётган мамлакатлар аҳолиси ташкил қилади. Маълумотларга кўра, бошқа касалликлардан кўра ҳар йили сил касаллиги туфайли кўпроқ одамлар вафот этар экан. Сил билан боғлиқ аянчли вазият Африка мамлакатларида кузатилади. Жаҳонда кузатилаётган сил касалигининг 29 фоизи, касалик туфайли вафот этаётганларнинг 34 фоизи Африка ҳиссасига тўғри келади. Сўнги 15 йил мобайнида силга чалинувчилар сони мазкур қитъада кўпайиб бораётганидан хавотир олинади. Айни дамда Африкада ҳар юз минг кишидан 343 нафари сил касаллигига чалинган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2015 йилда 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор Тараққиёт мақсадлари деб номланган хужжат қабул қилди. Ўртага ташланган мақсадлардан бири глобаль сил эпидемиясини йўқ қилишдан иборат. 2014 йилда Жаҳон Соғлиқни сақлаш Ташкилотининг олий органи бўлмиш Ассамблея глобал эпидемияга қарши курашга қаратилган — 2016-2035 йилларга мўлжалланган 20-йиллик стратегия қабул қилди. Қабул қилинган стратегия доирасида 2030 йилга бориб сил касаллиги туфайли ўлимларни 90 фоизга камайтириш, касалликни эса 80 фоизга қисқартириш кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрича, сил билан боғлиқ ўлимларнинг олдини олиш мумкин. Бунинг учун тиббиёт соҳасига молияларни аямаслик, янги дориларни яратиш керак. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Маргарет Чэннинг фикрича, касаллика қарши кураш кўнгилларни шод қилади, аммо жаҳон мамлакатлари эпидемияга барҳам бериш ниятида бўлса, у холда тиббий хизматни яхшилашлари керак.
Силга қарши глобал кураш тўғрисида эълон қилинган Ҳисоботга қараганда, дунё аҳолисининг учдан бир қисми сил бактериясига эга. Касаллик иммун тизими заиф бўлган инсонларда тез тарқалади. Сил касаллиги одамдан одамга ҳаво орқали юқади. Сил микобактериал таёқчалари организмга асосан нафас йўллари орқали киргани учун касаллик одатда ўпкага салбий таъсир қилади. Бемор йўталганда, аксирганда, гапирганда ёки тупурганда касаллик ҳаво орқали (юқади) тарқалади. Йўталиш, акса уриш орқали сил бактериялари ҳавога чиқади. Силга чалинган бемор бактерияни 10–15 кишига юқтириши мумкин. Тамаки чекиш сил касаллигини юқтиришни тезлаштиради. Силга чалиниш билан боғлиқ ҳодисаларнинг 20 фоизи айнан тамаки чекиш оқибатида келиб чиқади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти экспертларининг фикрича, касалликнинг тарқалиши аввал кутилганидан ҳам кўра тезлашиб бормоқда экан. Сил ўлимга олиб келувчи 10 та касалликнинг бири экани тан олинган. Касалларнинг 60 фоизи олтита мамлакат ҳиссасига тўғри келади. Бу борада Ҳиндистон олдинги ўринларда туради. Ундан кейин эса сил билан боғлиқ вазият Индонезия, Хитой, Нигерия, Покистан ва Жанубий Африка Республикасида аянчли экани айтилади. 2015 йилда 1 миллион нафар бола силга чалинган бўлса, уларнинг 170 минги вафот этди.
2000 йилдан бошлаб силга чалиниш билан боғлиқ вазият йилига 1,5 фоизга қисқараётгани айтилади. 2020 йилга бориб бу қисқариш 4–5 фоизни ташкил қилиши борасида саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Сил– сил микобактерялари қўзғатадиган хавфли ва юқумли касаллик бўлиб, нотўғри даволанганда узоқ вақт ишга лаёқатсизлик, ногиронлик ва ҳатто ўлимга олиб келиши мумкин. Агар ўпка силига чалинган бемор ўз вақтида даволанмаса, аксарият ўпканинг юқори бўлакларида майда ўчоқчалар пайдо бўлиб, баъзан бутун ўпкага тарқалари ва ўпканинг бир қисми ирийди. Ўпка силидан ташқари суяк, бўғим, лимфа тугунлари, ҳиқилдоқ, буйрак, ичак, тери сили ҳам учрайди. Сил касаллиги ўз вақтида ва тўғри даволанса, бемор буткул тузалиб кетади. Сил касаллигини даволаш ва ундан батамом ҳалос бўлиш мумкин. Бунинг учун бемор шифокорларга мурожаат қилиши ва даволаш курсини ўташи керак.
Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, турли юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда ва улар ўз ҳаётий самараларини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 мартда қабул қилинган “2011-2015 йилларда Ўзбекистон Республикасида сил касаллиги билан касалланишни камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори доирасида бу соҳадаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланмоқда. Жаҳон тиббиётининг илғор усуллари ва воситаларидан самарали фойдаланилмоқда.
Шарофиддин Тўлаганов