Пойтахтимизда теннис бўйича “Дэвис кубоги” жаҳон саралаш босқичидан ўрин олган Ўзбекистон – АҚШ терма жамоалари ўйини олдидан қуръа ташлаш маросими ва матбуот анжумани ташкил этилди.

“Дэвис кубоги” саралаш босқич ўйинлари пойтахтимиздаги Республика олимпия захиралари мактабининг ёпиқ кортларида 3-4 февраль кунлари ўтказилиши айтилди. Катта тажрибага ҳамда ITF рейтингида юқори ўринда турувчи америкаликларга қарши баҳсларда маҳоратли теннисчимиз Денис Истомин кортга чиқмаслиги маълум қилинди.

–АҚШ жамоаси халқаро теннис оламида кучли жамоалардан бири саналади, – дейди Республика олимпия захиралари мактаби директори Самиғ Обидов. – Тошкент кортларида ўз маҳоратини намойиш этишга тайёрланаётган америкалик теннисчилар бундан икки кун муқаддам якунланган Австралия опен турнирида қатнашиб келди. АҚШ терма жамоаси билан учинчи марта тўқнаш келишимиз. Икки марта мағлубиятга учраганмиз. Ишонамизки, ёш теннисчиларимиз АҚШ жамоасига муносиб ўйин тактикасини намойиш этади. Муҳими, иродали баҳс юритиш учун йигитларимизнинг кайфияти баланд.

– Яқинда Қувайтда ўтказилган турнирда иккинчи ўринни эгалладим. Катта тажриба тўпладим. Ўйлайманки, Қувайт мусобақаларида олган кўникмам “Дэвис кубоги”да ёрдам беради. Ғалаба учун ҳаракат қиламиз, – дейди истеъдодли теннисчимиз Ҳумоюн Султонов.

Қуръа натижаларига кўра, эртага 3 февраль куни ўтадиган илк учрашувда ҳамюртимиз Сергей Фомин АҚШ вакили Маккензи Макдональд, Ҳумоюн Султонов Томми Пол билан баҳс олиб боради. 4 февраль куни ўтадиган ўйинларнинг яккалик беллашувларида Санжар Файзиев (Ўзбекистон) – Остин Крайчек (АҚШ), Сергей Фомин (Ўзбекистон) – Ражеев Рам (АҚШ) рўбарў келса, жуфтлик ўйинларда Сергей Фомин/Ҳумоюн Султонов тандеми Томми Пол/Маккензи Макдональд билан куч синашади.

Таъкидлаш лозим, “Дэвис кубоги”нинг ушбу босқичида зафар қучган жамоа 1/16 финал йўлланмасини қўлга киритади. Яъни, жаҳон саралашида муваффақият қозонган мамлакат теннисчилари 2023 йилги финал томон йўл олади. У ерда ушбу жамоа ўтган йилги кубок ғолиби ва 2-ўрин эгалари, шунингдек 16 мамлакатнинг иккита “Wildcard” ўйинлари қаторидан жой олади.


Тўлқин Рўзиев, ЎзА