Белградда имконияти чекланган инсонлар ўртасида ўтказилаётган шахмат олимпиадасининг 3-тур баҳслари ортда қолди.

Ўзбекистон терма жамоасининг матонатли ва иродали шахматчилари оқ доналарда Германия терма жамоасига қарши баҳс олиб борди.

Деярли тенг курашлар остида ўтган ўйинда аввалига Сирожиддин Зайниддинов рақибини мағлуб этди. Сардорбек Мамажонов дурангга эришди. Марсел Шоюсупов кутилмаганда мағлубиятга учради. Ўзбекистон-Германия “дуэли”даги натижа қай кўринишда бўлиши Кимсанбоев-Мекус қарама-қаршилигига боғлиқ бўлиб қолди.

Шундай мураккаб вазиятда Аҳадхон Кимсанбоев германиялик Мануэл Мекус билан чиройли ва комбинацион ўйин намойиш қилди. Битта шахмат донасини қурбон қилиш эвазига ғалаба таъминланди. 2,5:1,5 кўринишида турнирнинг энг кучли жамоаларидан бири бўлган немис шахматчилари мағлуб этилди.

Ушбу натижадан кейин Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоадаги жойлашувини янада мустаҳкамлаб олди.

Турнир жадвалини 3-тур натижаларига кўра, бирон марта мағлубиятга учрамаган Ҳиндистон, Филиппин, Польша жамоалари бошқариб бормоқда. Улардан кейинги ўринларни 2 тадан ғалаба ва 1 тадан мағлубиятга эга 9 та терма жамоа эгаллаб турибди. Айнан ушбу тўққизта жамоадан бири иродали шахматчиларимиз жамоаси ҳисобланади.

Бугун I шахмат олимпиадаси 4-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда ҳамюртларимиз Сербия-1 жамоаси билан рўбарў келади. Шунингдек, турнирда етакчилик қилаётган Филиппин-Польша, Ҳиндистон-Венгрия, Исроил-ФИДЕ жамоаси, Бангладеш-Куба каби жамоалар куч синашади.

Эслатиб ўтамиз, турнир 6 турдан иборат бўлиб, имконияти чекланганлар ўртасидаги шахмат олимпиадасининг ғолиб ва совриндорлари 5 февраль куни аниқланади.

 

Т.Рўзиев,

ЎзА