Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев Қўштепа тумани “Оқтепа” кичик саноат зонасидаги “Глобал Текстайл инфинити” корхонасида республика пахта-тўқимачилик кластерлари раҳбарлари билан мулоқот ўтказмоқда.

–  Мана бугун ушбу янги корхонада нафақат қишлоқ хўжалиги, балки ҳудудий саноатнинг ҳам ҳақиқий “драйверлари” бўлган пахта-тўқимачилик кластерлари вакиллари билан учрашиб турганимдан ғоят хурсандман. Ушбу “очиқ мулоқот”ни анча олдин ўтказишни режа қилган эдим. Бугун сизлар билан водийдаги пахта-тўқимачилик саноати аҳволи, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича очиқ-ойдин гаплашиб оламиз, – деди давлатимиз раҳбари. – Мен ушбу учрашувни ўтказиш учун, бежизга водийни танлаганим йўқ. Чунки, энг унумдор ерлар ҳам, энг тажрибали ва меҳнаткаш деҳқонлар ҳам, пахта-тўқимачилик саноатида республиканинг “лидерлари” ҳам – Фарғона водийсида.

Мисол учун, ўтган олти йилда водийда 35 та кластер ташкил этилиб, 670 миллион долларлик 150 дан ортиқ йирик лойиҳа ишга тушди.

Андижонда – 210 миллион долларлик 62 та, Наманганда – 225 миллион долларлик 33 та ва Фарғонада – 225 миллион долларлик 55 та лойиҳа.

Бу даврда кластерлар томонидан 70 мингдан зиёд доимий янги иш ўринлари яратилди.

Ўтган уч йилда водийда тайёр текстиль маҳсулот улуши 9 фоиздан 33 фоизга ошди.

Ушбу вилоятлар ҳиссасига республика бўйича жами ишлаб чиқарилган ип-калаванинг 38 фоизи (2022 йилда 352 минг тонна), экспортнинг 43 фоизи (1,4 миллиард доллар) тўғри келади.

 

ЎзА