Хорватияда эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича йилнинг илк нуфузли мусобақаси – “Zagreb Open” халқаро турнири ташкил этилмоқда.
Спорт курашлари бўйича рейтинг очколар тақдим этадиган халқаро турнирда юртимизнинг 8 нафар юнон-рум ва 9 нафар аёллар кураши вакиллари қатнашмоқда. Бироқ, турнирда эркин кураш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари иштирок этмаяпти.
Ушбу турнирда эркин курашчиларимиз нега иштирок этмаётганлиги хусусида Ўзбекистон терма жамоаси катта мураббийи Олим Ҳикматов қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Загребдаги турнир спортчилар рейтингини белгилайди. Лекин Париж-2024 Олимпиадасида қатнашиш очколарини тақдим этмайди. Қолаверса, Олимпиада йўлланмаларини спорт курашларида алоҳида турнир ва чемпионатда қўлга киритилади. Шу боис, Мисрда бўладиган ўқув-машғулотга ҳамда 22-23 февраль кунлари ушбу давлатда ўтадиган халқаро турнирда қатнашишга эътибор қаратдик. Жорий йил 21 февралга қадар ушбу мамлакатда тайёргарлик машғулотларида қатнашамиз. Ундан кейин Миср давлатида жаҳон рейтинги учун очколар тақдим этадиган халқаро турнирда иштирок этамиз, – дейди О.Ҳикматов.
United World Wrestling спорт ташкилоти хабарига кўра, “Zagreb Open”да 50 га яқин мамлакатдан 600 нафарга яқин спортчилар иштирок этиш учун Хорватияга етиб келишган.
Жорий йил 5 февралгача давом этадиган турнирнинг илк кунларида эркин курашчилар, ундан кейин аёллар ва сўнгги кунлари юнон-рум курашчилари медаллар учун кураш олиб боради.
“Zagreb Open” халқаро турнирида спорт курашларининг учта йўналишида 30 та медаллар жамланмаси учун беллашувлар бўлиб ўтади.
Турнирда 20 нафардан ошиқ жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, 50 нафарга яқин халқаро турнирлар ғолиблари қатнашмоқда.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА