Индонезияда ўқ отиш бўйича ўтётган жаҳон кубоги баҳсларида мамлакатимиз спортчиларининг муваффақиятли иштироки давом этмоқда.

Хабар берганимиздек, икки кун муқаддам 10 метрга тўппончадан ўқ отиш дастурида Муҳаммад Камолов олтин медалга эга чиққан эди.

Бугун 10 метрга пневматик тўппончадан отиш бўйича жамоавий баҳсларда Алина Тарасова, Нигина Саидқулова, Ситора Эргашбоевадан иборат терма жамоамиз аъзолари ўз маҳоратини намойиш этди.

Саралаш баҳсларида барча жамоалардан юқори натижа қайд этган қизларимиз нуфузли мусобақанинг олтин медали учун кечган финал беллашувида кореялик спортчи қизлар билан рўбарў келди.

Белгиланган нуқтани аниқ нишонга олиш басҳида ҳисоб 9:17 кўринишида кореяликлар фойдасига ҳал бўлди. Шу тарзда истеъдодли мерган қизларимиз жаҳон кубогининг кумуш медалларига мушарраф бўлди.

«Париж-2024» Олимпиадасининг муҳим рейтинг очколари ўйналаётган мазкур нуфузли мусобақа 7 февралга қадар давом этади.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА