Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси аъзолари, Маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш, гендер тенглик, одам савдоси ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш масалалари бошқармаси, Ўзбекистон сиёсий партияларининг “Аёллар қаноти” тузилмаси раҳбарлари иштирокида юртимизда хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларда фаоллигини ошириш борасида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижроси, шунингдек, мақсадли кўрсаткичлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотига кўра, бир қанча вазирлик ва идоралар, шу жумладан, сиёсий партиялар ўз вақтида статистик маълумотларни тақдим этмаган. Шу боис сиёсий партиялар вакилларига мазкур кўрсаткичларни хар ойнинг 5 санасигача тақдим этиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, тадбир давомида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги ролини ҳамда сайлов жараёнларидаги фаоллигини ошириш бўйича бевосита сиёсий партиялар билан ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинди. Ўз навбатида, мазкур дастур келажакда хотин-қизларнинг сиёсий жараёнларга қизиқишини уйғотиш ва фаоллигини оширишга хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Муҳокамалар давомида иштирокчилар томонидан бир қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, Ўзбекистонда сиёсий фаол аёл имижини яратиш, сиёсий партияларга аёлларни кўпроқ жалб этиш, уларнинг  ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шу билан бирга, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар орасида сиёсий жараёнлар тарғиботини ошириш каби бир қанча таклифлар шулар жумласидандир.

Тадбир сўнггида Олий Мажлис Сенати ҳамда Ўзбекистон сиёсий партиялари 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегиясининг ижроси, шунингдек, Ўзбекистонда сиёсий фаол аёлларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олди.

 

ЎзА