“Transparency International” халқаро нодавлат ташкилоти Коррупцияни қабул қилиш индексининг 2022 йил натижаларини эълон қилди.

180 давлат орасида Ўзбекистон 31 балл билан 126 – ўринни эгаллади. Мамлакатимиз баллари 3 тага ошиб, ўрни 14 поғонага яхшиланди (2021 йилда 140 – ўрин).

Маълумот учун, Коррупцияни қабул қилиш индекси 1995 йилдан буён эълон қилиниб келинадиган давлат тизимида коррупциянинг қабул қилиниш даражасини акс эттирувчи ҳамда экспертлар ва ишбилармонлар сўрови асосида шаклланувчи 13 манбадан ташкил топган йиллик индекс ҳисобланади. Ўзбекистон мазкур манбаларнинг 7 таси бўйича баҳоланади.

Бунда 0 балл – коррупцияни қабул қилишда энг юқори кўрсаткич, 100 балл – энг паст шкала ҳисобланади.

Мамлакатимиз мазкур индексда сўнгги 6 йил давомида ўсиш суръатларини қайд этаётган (2017 йилда 22 баллдан 2022 йилда 31 баллгача) давлат сифатида Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақасининг аксилкоррупция ислоҳотларини тизимли равишда амалга ошираётган давлатлар қаторида қайд этилди.

 

ЎзА