Халқаро Паралимпия қўмитаси (IPC) Бошқарув кенгаши спорт турлари бўйича федерацияларнинг аризалари асосида ўтказилган кенг қамровли таҳлиллар жараёнидан сўнг 2028 йили Лос-Анжелесда ўтадиган ёзги Паралимпия ўйинлари дастуридан ўрин оладиган 22 спорт тури рўйхатини тасдиқлади.

Тасдиқланган спорт турларига кўра, пара бадминтон, бочча, голбол, кўзи ожизлар футболи, пара дзюдо, пара каноэ, пара от спорти, пара стол тенниси, аравачада теннис, аравачада қиличбозлик, аравачада баскетбол, пара камондан отиш, пара енгил атлетика, пара пауэрлифтинг, пара волейбол, пара сузиш, пара академик эшкак эшиш, пара ўқ отиш, пара таэквондо, пара триатлон, аравачада регби, пара велоспорт “Лос-Анжелес-2028” ўйинлари таркибига киритилди.

Шунингдек, IPC Бошқарув кенгаши ва “Лос-Анжелес-2028” ёзги Паралимпия ўйинлари ташкилий қўмитаси мусобақа дастурига қояга чиқиш ва сёрфинг спорт турларини ҳам киритишни ўрганиб чиқмоқда. Ушбу спорт турлари хусусидаги якуний қарор 2023 йил сўнггида эълон қилинади, дейилади IPC хабарида.

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА