Нидерландияда 16 кун давом этган “Tata Steel Chess” халқаро турнири поёнига етди.
Бугун, 29 январь халқаро турнирнинг “Мастерс” ва “Челленжер” гуруҳларидаги ғолиб ва совриндорлар номи аниқланди.
Шиддатли ўтган баҳсларнинг 12-турига қадар бирон марта мағлубиятга учрамасдан “Мастерс” гуруҳида етакчилик қилиб келган Нодирбек Абдусатторов сўнгги 13-турда нидерландиялик Жорден ван Форестга қарши баҳс юритди.
Учрашув аввалидан Нодирбек фақат ғалаба учун ҳаракат қилди. Шу жиҳатдан, айрим вазиятларда кичик йўқотишларга йўлиқди. “Муваффақият қурбонликларни талаб этади” ақидасига амал қилди. Классик шахмат баҳсида илк бор Абдусатторовга рўбарў келган нидерландиялик шахматчи Нодирбекнинг “сийловидан” унумли фойдаланди. Алалоқибат 5 соат атрофида давом этган шиддатли баҳсда Жорден ван Форест ўз уйида ютуққа эришди. Аммо, ушбу кўрсаткич нидерландиялик шахматчини совриндорлар сафидан жой олишига етарли бўлмади. У халқаро турнирни 6 очко билан 10-ўринда якунлади.
Айтиш лозим, турнирнинг илк турларидан пешқадамликни қўлдан бермасдан келган ҳамюртимиз ғолибликка бир қадам қолганда “Tata Steel Chess” турнирида 2-ўриндан жой олиши ёш ва истеъдодли шахматчимизнинггина эмас, Ўзбекистон шахматининг тарихий натижаси бўлди. Боиси, 85 йилдан бери ўтказиб келинаётган ушбу халқаро мусобақада Ўзбек шахматчиларининг илк иштироки сифатида ёдда қоладиган бўлди.
Нодирбекнинг шахмат оламида катта нуфузга эга турнирда илк бор қатнашиб, дунёнинг энг кучли 14 нафар гроссмейстери орасида 2-ўринни эгаллаши Халқаро шахмат федерацияси рейтингидаги 33-ўриндан 17-ўринга кўтарилиб олишини таъминлади.
“Мастерс” гуруҳидаги 13-турдаги ғалабаси эвазига, 8,5 очко жамғаришга эришган Аниш Гири халқаро турнирнинг ғолибига айланди. Нидерландия шарафини ҳимоя қилаётган ушбу шахматчи мазкур турда венгриялик Ричард Раппортни доғда қолдирди. Нодирбек 2-ўринни эгаллаган бўлса, ҳамюртимиздан “Tata Steel Chess” турнирининг 5-турида мағлубиятга учраган Магнус Карлсен 3-ўринни эгаллади.
“Челленжер” гуруҳида муносиб ўйин намойиш этган Жавоҳир Синдоров сўнгги турда норвегиялик Томас Бердсенга қарши дона сурди. Ҳамюртимизнинг катта устунлигида ўтган ўйинда Синдоров ғалаба қозонди ва очколари сонини 8,5 тага етказиб олди.
Мазкур гуруҳда 10 очко жамғарган Александр Донченко ғолибликка эришган бўлса, 2-ўринни 9 очкога эга туркиялик Мустафа Йилмаз, 3-ўрин эса 8,5 очкони қўлга киритган Жавоҳир Синдоровга насиб этди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА