Африка ва Осиё мамлакатлари ривожланиб, аҳолисининг пули кўпайса Европага келиш учун янада фаолроқ уринишади. Бу ҳақда Франция ички ишлар ва денгизорти ҳудудлари вазири Жеральд Дарманен Le Parisien газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
«Осиё ва Африканинг тараққий этиши минтақа аҳолисининг Европа қитъасига бориш имкониятини янада оширади, чунки одамларнинг таълим олиш ва саёҳат қилиши учун маблағи кўпаяди», – деди у.
Вазирнинг фикрича, «иммиграция – бу глобал омил бўлиб, сиёсатчиларнинг кўрадиган чораларига қарамай, яқин йилларда ҳам сақланиб қолади». Шу билан бирга, у “дунёда демократия камайиб бораётганини” ҳам эслатиб, «глобал исиш оқибатида Саҳрои кабр минтақасида ҳаёт кечиришнинг имкони бўлмай қолади”, деб огоҳлантирган. Шунингдек, Дарманен Франциянинг Африкадаги бир қатор мамлакатлар билан муносабатлари ёмонлашганини ҳам таъкидлаган.
«Яқин-яқинларгача Франциянинг Ливия, Сурия, Афғонистон, Эрон, Мали, Буркина-Фасо билан муносабатлари яхши эди. Энди бу мамлакатлар биз билан муносабатларни қўллаб-қувватламай қўйди. Бизга зарур бўлган иммиграцияни таъминлаш фақат ўзимизга боғлиқ», – деган у.
Мамлакат ички ишлар вазирлигининг маълумотига кўра, коронавирус пандемияси туфайли ноқонуний мигрантларни депортация қилиш қийинлашган. Шунга қарамай Франция 2022 йилда аввалги йиллар билан таққослаганда 15 фоиз кўп ноқонуний мигрантларни мамлакатдан чиқариб юборишга эришган. “Агар иммиграция тартибларига ўзгартиришлар киритиш бўйича қонунни парламент маъқулласа 2023 йил «ҳақиқий депортация йили бўлади”, деган у интервьюсида.