Маъмурий ислоҳотларнинг навбатдаги босқичини амалга ошириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони имзоланди.
Фармонга кўра, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари – вазирликлар, қўмиталар, агентликлар ва инспекциялар ҳамда уларнинг ҳудудий ва туман (шаҳар) бўлинмаларининг Давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган жами бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони тасдиқланди.
Вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағлари ҳисобидан қўшимча бошқарув штат бирликларини киритиш қатъиян тақиқланди.
Вазирлик ва идоралар тизимида қисқартирилаётган 17 минг 447 штат бирлиги масаласи, ходимларни иш билан таъминлаш, бу йўналишдаги ташкилий чора-тадбирларни тўғри ва қонунчиликка мувофиқ амалга ошириш долзарб ҳисобланади.
Айнан шу мақсадда Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги масъуллари вазирлик ва идораларнинг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбарлари билан очиқ мулоқот ташкил қилди.
Мулоқотда фармонга мувофиқ штатлар жадвалини тузиш, ходимларни ишга қабул қилиш, меҳнат муносабатларини давом эттириш ва бекор қилишни расмийлаштиришда эътибор қаратилиши муҳим бўлган масалалар юзасидан аниқ тушунтиришлар берилди.
Асосийси, қайта ташкил этилаётган ва бўйсинуви ўзгараётган органлардаги ходимлар билан меҳнат муносабатларини Меҳнат кодексида кўрсатилган тартибда давом этишига урғу берилди ҳамда штати бўйича эса аввал уларнинг малакаси ва мутахассислиги тўғри келадиган бўш иш ўринларига жойлаштириш чораларини кўриш, умуман имконсиз ҳоллардагина бўшатиш мумкинлиги ҳақида йўл-йўриқлар берилди.
Бу жараёнда асосий масъулият юклатилган кадрлар билан ишлаш бўлинмалари масъуллари ҳам меҳнат муносабатларини расмийлаштириш билан боғлиқ саволларига жавоб олди.
ЎзА