Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг халқаро миқёсда нуфузини янада ошириш, замонавий йўналишларни кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Корея Республикасининг Инҳа университети президенти Чо Мёнг Ву билан учрашув ўтказди. Унда икки томон ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазир Инҳа университетининг Тошкентда очилганига ўн йил тўлгани, унинг ўзбек ёшлари учун қанчалик муҳим эканини қайд этди, дейилади Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.

Шунингдек, 400 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба айни пайтда Кореядаги Инҳа университетида таълим олаётганини айтиб, бу АТ йўналишида таълим олиш учун ёшларимиз орасида қизиқиш юқорилигини кўрсатишини таъкидлади.

Соҳа Ўзбекистон учун ижобий таъсир кўрсатиб, келгусида талабалар юртимизда замонавий АТ соҳаси мутахассисларини етиштиришда муҳим роль ўйнайди.

А.РУСТАМОВ,

ЎзА