Бундан икки йил муқаддам Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида Олимпия шаҳарчаси қурилишининг тамал тошини қўйган эди.

Халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятини ўзида мужассам этган Олимпия шаҳарчаси қисқа фурсатда қад ростламоқда.

Бугунга келиб, йирик спорт мажмуа ва иншоотлари, алоҳида спорт объектлари, улкан коммуникация тизимларини ўзида мужассам этган Олимпия шаҳарчасида қурилиш-монтаж ишлари деярли якунланди.

Марказий Осиё минтақасида ягона бўлган шаҳарча иншоот ва спорт мажмуаларида айни пайтда жиҳозлаш, пардозлаш, чор-атрофини кўкаламзорлаштириш каби бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Олимпия шаҳарчасининг тамал тошини қўйиш маросимида “Бизнинг ўз йўлимиз, ниятларимиз, режаларимиз бор. Бугун қилаётган тарихий ишларимиз ўзининг катта натижасини беришига ишонамиз. Ана шу ишонч бизга куч-қудрат беради”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, икки йил муқаддам билдирилган ишонч бугун ўз самарасини бермоқда. Ўтган йиллар давомида мамлакатимиз спортчиларининг Осиё ва Олимпия ўйинларида, жаҳон ва қитъа чемпионатларида эришган натижалари, юртимизнинг турли маҳалла ва қишлоқларида барпо этилган замонавий спорт иншоотлари ва майдончаларда “Беш ташаббус олимпиадаси” каби мусобақалар зўр кайфият билан ўтказилаётгани танлаган йўлимиз, кўзлаган улуғ мақсадларимиз истакларимизга вобаста эканини кўрсатмоқда.

Қисқа фурсатда азим Тошкентнинг Янги Ўзбекистон боғига туташ масканида 100 гектар майдонни ўз ичига олган Олимпия шаҳарчасининг қад ростлаётгани Ўзбекистоннинг жисмоний тарбия ва спорт тизимидаги ютуқлари, муваффақиятларига мустаҳкам пойдевор яратилаётганидан далолат.

Меъморий жиҳатдан мукаммал, энергия тежамкорлиги ва илғор инновацион ечимларни ўзида мужассам этган Олимпия шаҳарчаси асрлар давомида ўзбек спортининг юксалиш пиллапоясига қўйилган қутлуғ пойқадам бўлиб қолиши шубҳасиз.

Т.Рўзиев,

ЎзА