Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси Гаяне Умерова ва Франция маданият вазири Рашида Дати ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Парижда ўтказилган ушбу учрашувда икки давлат ўртасидаги маданий алмашинувни ривожлантириш, меросни асраб-авайлаш ва оммалаштиришга қаратилган ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Мулоқот давомида Париждаги Араб дунёси институтида ўтказилган “Самарқандга йўл” кўргазмаси ва Луврда Ўзбекистоннинг бой маданий меросини намоён этувчи кўргазмалар Франция жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотгани таъкидланди.
Шунингдек, томонлар маданий меросни ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлган ёдгорликларни реставрация қилиш соҳасидаги ҳамкорликни давом эттириш истагини билдирди. Учрашувда Франция миллий мерос институти (INP) филиалини Тошкентда очиш орқали реставрация ва тажриба алмашишдаги шерикликни янада чуқурлаштириш масаласи муҳокама қилинди.
Жамғарма ахборот хизматининг хабарига кўра, учрашувда Самарқандда бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-сессиясида Франция делегациясининг иштирок этиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Бу, ўз навбатида, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қадам сифатида баҳоланди.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА