Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитаси 27 январь куни COVID-19 пандемияси халқаро аҳамиятга эга бўлган фавқулодда вазиятлигича қолмоқдами, деган саволга аниқлик киритиш учун йиғилиш ўтказади.
Ташкилот сайтида эълон қилинган хабарда келтирилишича, «ЖССТ фавқулодда вазиятлар бўйича қўмитасининг 14-мажлиси 2023 йил 27 январга мўлжалланган. Шундан кейин қўмита COVID-19 пандемияси ҳали ҳам халқаро даражадаги фавқулодда вазиятлигича қолмоқдами, деган саволга аниқлик киритиб, ўз хулосаларини ЖССТ бош директорига тақдим этади».
ЖССТнинг расмий ҳисоботида маълум қилинишича, 2023 йил 22 январь ҳолатида коронавирус пандемияси пайдо бўлгандан буён дунё бўйича 664 миллионта тасдиқланган коронавирус юқтириш ҳолати қайд этилди, 6,7 миллиондан ортиқ киши пандемия қурбони бўлган.