Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Қўмита ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан 2023 йилнинг биринчи чорагида амалга ошириладиган масалаларга бағишланган Республика онлайн йиғилиши бўлиб ўтди.

Қўмита ва «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси бошқарув раиси Баҳром Шарипов бошчилигида ташкил этилган тадбирда Ипакчилик илмий тадқиқот институти масъул ходимлари, ҳудудий «Агропилла» МЧЖ, пиллани қайта ишлаш корхоналари раҳбарлари, кластер ва тадбиркорлар иштирок этди.

Тадбирда баҳорги пиллачилик мавсумига тайёргарлик кўриш, ипак қурти уруғи учун шартнома шартларининг бажарилиши, ипакчилик саноатида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиш суръатларини таъминлаш, хорижий уруғчилик корхоналари билан қилинаётган шартномалар каби масалалар муҳокама этилди. Амалга оширилиши керак бўлган, экспорт, экиладиган тут кўчатлари ҳамда тўлов интизоми масалалари ҳам кўриб чиқилди.

«Ўзбекипаксаноат» уюшмаси томонидан 2023 йил 1-чоракда эришиладиган асосий кўрсаткичлар учун барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз керак, –деди Б.Шарипов. – Бу йилги режага кўра, тизим корхоналари томонидан ипак қурти озуқа базасини ривожлантириш мақсадида 74,3 миллион туп тут кўчатлари экилади. Саноатда ишлаб чиқариш ҳажмларини таъминлаш мақсадида 627 миллиард сўмлик ипак маҳсулоти ишлаб чиқарилиб, 2022 йилга нисбатан 162,9 фоиз ўсишга эришилиши кўзда тутилган.

Хусусан, 568,6 тонна хом ипак қиймати 116,5 миллиард сўмлик, 272,4 тонна ипак момиғи 65,1 миллиард сўмлик, 3 минг 372 минг пог.м ипак мато 168,6 миллиард сўмлик, 307,5 тонна калаваланган ипак ипи 67,5 миллиард сўмлик, 1 минг 40,2 минг дона тайёр ипакли маҳсулот 208 миллиард сўмлик ва 248 дона ипак гиламлари қиймати 1 миллиард сўлик ҳисобида ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, 16,4 миллион долларлик ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръатлари 106 фоизга оширилади.

Соҳада 16 та лойиҳа доирасида 6,3 миллион доллар миқдорида инвестиция маблағлари ўзлаштирилиб, ўтган йилга нисбатан ўсиш суръатлари 110 фоизга етказилади. Бу билан 58,8 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади.

Тадбир сўнгида кўриб чиқилган масалалар юзасидан келишувларга эришилди ва бу борада муҳим топшириқлар берилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА