Тошкент шаҳридаги “Меҳр-саховат уйи” республикамизда ижтимоий кўмак соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатининг намунаси сифатида фаолият юритиб келади. Бу ерга Тошкент шаҳрининг пана-пастқам ҳудудларида яшаб келаётган, аммо ўз уй-жойига эга бўлмаган оғир аҳволдаги фуқаролар келтирилиб, жойлаштирилади.
Аввалига ҳар бир фуқаронинг шахсига аниқлик киритилиб, саломатлиги бўйича бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилади, улар иссиқ чой, овқатлар ва кийим-кечаклар билан таъминланади.
Айниқса, бугунги аномал совуқ шароитида ҳудудлараро ички ишлар органлари ходимлари фаол ҳамкорликда, уй-жойсиз фуқароларга ёрдам қўлини чўзиб келишмоқда.
Натижада, бугунги кунда “Меҳр-саховат уйи”да жами 130 нафардан ортиқ аёл ва эркаклардан иборат фуқаролар яшаб келмоқда.
Бундан ташқари, кунлик қабул давомида ҳам фуқаролар келтирилиб, уларнинг шахсига аниқлик киритиш ишлари олиб борилмоқда.
Бугун “Меҳр-саховат уйи”да яшаб турган шу тоифа ҳамюртларимизни кўриб, кўнглинг ўртайди. Улар кимнингдир отаси ёки онаси, кимнингдир туғишган ака-синглиси…
Ҳар бирининг ўз ҳикояси бор. Қисмат бугун уларни мана шу ихчамгина меҳр-саҳоват уйида бирлаштириб турибди. Тасаввур қилинг, этни жунжиктирадиган аномал совуқ об-ҳаво шароитида кўчада қолса, уларнинг аҳволи не кечишини…
Аммо давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги сабаб, бугун уларнинг бошпанаси, ейишга иссиқ овқати бор.
Айниқса, кўчада қолмаганига шукр қилаётган оғамизнинг сўзларини тинглаб, озми-кўпми ўзида борига шукр қилади, киши.