ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Тўрткўл туманидаги Отажон Худойшукуров номидаги Маданият саройи аҳолининг севимли масканларидан.

Манзилда турли ёшдаги аҳолининг маданий дам олиши ва яхши ҳордиғи учун барча шароит яратилган.

Туман ҳокимлиги кўмаги билан 2019 йил Маданият саройи биносида қиймати 6 миллиард сўмлик капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Ҳозирда даргоҳда миллий ҳунармандчилик, мусиқа ва санъат йўналишида 20 дан ортиқ тўгарак, шунингдек, «Феруз», «Тарона» каби ашула ва рақс ансамбллари фаолият юритмоқда.

Масканда шунингдек, Отажон Худойшукуров номидаги музей ташкил этилган.

Отажон Худойшукуров ўтган асрнинг 1944-1994 йилларида яшаб ўтган ва ўзининг ижоди билан халққа яқиндан танилган бетакрор санъаткорлардан. Унинг номи нафақат Қорақалпоғистон ва Ўзбекистон Республикасида балки Марказий Осиёда ҳам жуда машҳур.

Музейнинг экспозиция залида санъаткорнинг умр йўли ва ижодига тааллуқли бир қанча экспонатлар мавжуд. Бу ерга ташриф буюрувчилар санъаткорнинг шахсий буюмлари, ҳужжатлари, оилавий фото альбомлари, ўқиган адабиётлари, қўлланган мусиқа асбоблари ҳамда ижодий сафарлардаги ва саҳнадаги чиқишларини акс этган фотосуратлари билан яқиндан танишиши мумкин.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА