Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тасдиқланган режа асосида Тахиатош тумани «Найманкўл» овул фуқаролар йиғинида халқ депутатлари Тахиатош тумани Кенгаши депутати, Ўзбекистон ХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Д.Артиковнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда қайд этилганидек, ўтган 2022 йил давомида сайловчилардан 15 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар ижобий ҳал этилди. Ушбу мурожаатлар юзасидан 12 та депутатлик сўрови юборилди.

Масалан, туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таэквандо бўйича штат бирлиги очилишига эришилиб, мураббий Худайберди Утемуратов «Найманкўл» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги 5-умумтаълим мактабида фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, овул ҳудудидаги ички йўлларга пиёдалар йўлакчаси ва йўл белгилари ўрнатилишига эришилди.

«Очиқ бюджет» бўйича Тахаитош туманига 3 миллиард сўм йўналтирилган бўлиб, депутат томонидан тушунтириш ишлари тўғри олиб борилганлиги сабабли ҳудуд аҳолиси овоз беришда фаол иштирок этди ва 1 миллиард 500 миллион сўм ютиб олишига эришилди. Натижада овул фуқаролар йиғини ҳудуди ички йўллари таъмирланди ҳамда Чатрауиқ аҳоли пункти ҳудудига газ тармоғини тортилди.

Учрашувда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Х.Ешимбетов иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган Мурожаатномаси, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги «2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Учрашув давомида фуқаролар томонидан бир қатор мурожаатлар билдирилди ва уларнинг ечими депутат томонидан назоратга олинди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА