Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов мамлакатимиз Қуролли Кучларининг муҳим асоси бўлган ички ишлар органларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Тизим фуқароларга ўз вақтида ва сифатли хизмат кўрсатадиган, ҳар бир ходим Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилишни олий бурчи деб биладиган, барча саъй-ҳаракатларини инсон қадри учун йўналтирган профессионал тузилмага айланганини алоҳида таъкидлади.

Ходимларнинг хизмати юксак эътироф этилиб, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Давлатимиз раҳбарининг фармони асосида 11 нафар ички ишлар органлари ходимлари давлат мукофотларига сазовор бўлди.

Байрам тадбирида юксак мукофотлар ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

Ички ишлар вазирининг буйруғи билан 407 нафар ходим ва фахрийлар турли даражадаги идоравий мукофотларга сазовор бўлди.  Вазир ўринбосари Бекмурод Абдуллаевга «генерал-майор» махсус унвони ҳамда 6 нафар ходимга «полковник» махсус унвонлари тақдим этилди.

Тадбирда соҳа фахрийлари, мукофотга сазовор бўлган ходимлар ҳамда жамоатчилик вакиллари сўзга чиқиб, ўзларининг самимий табрик ва тилакларини билдирди.


ЎзА