Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон таэквондо академияси ва ихтисослаштирилган таэквондо марказлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон таэквондо (WT) ассоциацияси тизимида Ўзбекистон таэквондо академияси ҳамда 2023-2024 йилларда ҳудудларда 14 та ихтисослаштирилган таэквондо марказлари ташкил этилади.

Ўзбекистон таэквондо академиясининг асосий вазифалари: 

таэквондо (WT) бўйича миллий терма жамоалар (катталар, ёшлар, ўсмирлар, шунингдек, спорт фахрийлари) аъзоларининг жисмоний ривожланиши, жисмоний тайёргарлиги, функционал ҳолати, техник-тактик ва психологик тайёргарлигини ўрганиш;

таэквондо (WT) бўйича миллий терма жамоаларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда уларга амалий ва илмий-методик жиҳатдан кўмаклашиш; таэквондо (WT) бўйича илғор тажрибаларни ўрганиш ва мамлакатимизда жорий этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, хорижий мамлакатларнинг етакчи муассасалари билан халқаро алоқаларни ривожлантириш;

таэквондо (WT) бўйича илмий-услубий тавсияномалар, ўқув-қўлланмалар, дарсликларни нашрга тайёрлаш ва чоп этишдан иборат.

Ихтисослаштирилган таэквондо марказлари эса ҳудудий терма жамоалар аъзоларининг республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиши учун зарур бўлган маҳорат ва кўникмаларни чуқур ривожлантирилишини таъминлаш;

спортчилар захирасини тайёрлаш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, психологик-педагогик, тиббий-биологик ва моддий-техник шарт-шароитлар яратиб беради.

Ўзбекистон таэквондо академияси инновацион технологияларга асосланган, қиммат бўлмаган, энергия тежовчи ва тез барпо этиладиган енгил конструкция ва материаллардан қурилиб, 2023 йил 1 сентябрга қадар фойдаланишга топширилади.

Академия 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ўз фаолиятини бошлайди.

                                                                                                            ЎзА