Санъаткор учун халққа завқ-шавқ ва қувонч улашиш катта бахт. Шаҳзода тахаллуси билан мухлислар қалбидан жой олган Зилола Мусаеванинг ҳам бирдан-бир орзуси шу.

1491511593_8.jpgМамлакатимизда амалга оширилаётган улкан ишларга монанд Шаҳзода бу галги концерт дастурини пойтахтдан узоқда яшаётган мухлислари олдига бориб, намойиш этиш ниятида.

Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Шаҳзода бу хақда маълумот берди.

Фарғонада туғилиб, вояга етган Зилола Мусаева бугун ўзининг мухлисларига эга. Ширали овози билан Ватан чиройини, халқимиз орзу-ниятларини, фаровон ҳаётимизни куйлаётган Шаҳзода ижодида миллий ва замонавий ижро услуби уйғунлашган. Ундаги бу ўзига хослик ва жозиба барчага манзур бўлмоқда.

– Ҳар йилнинг май ойида Шаҳзода ўзининг катта дастурини намойиш этмоқда, – дейди хонанданинг продюсери Даврон Муқимов. – Бу сафар мухлисларга шодлик улашиш, улар билан яқиндан суҳбатлашиш ва маънавий кўмак бериш мақсадида мамлакат бўйлаб хизмат сафарига чиқмоқчимиз. Янги ижро ва севимли қўшиқлардан иборат «Шаҳзода сенинг шаҳрингда» деб номланган лойиҳамиз шу йилнинг 1-25 май кунлари Нукус, Урганч, Наманган, Андижон, Қўқон, Самарқанд, Бухоро каби ўн икки шаҳар ва туманда намойиш этилади. Ўйлайманки, Шаҳзода ва мухлислар учрашуви унутилмас таассуротларга бой бўлади.

Матбуот анжуманида Шаҳзода иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб қайтарди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА