14 апрелда пойтахтдаги “Истиқлол” санъат саройида афсонавий Париж Миллий операси балет труппаси солистлари дастури томошабинлар эътиборига ҳавола этилади.
Дастур “Les Italians de l’Opera de Paris” балет труппасининг 11 ижрочидан иборат артистлари томонидан тақдим этилади.
Париж Миллий операси тўрт юз йиллик тарихга эга. Демакки, у опера ва балетнинг асрлар давомида ривожланган энг нодир анъаналарини ўзида жамлаган. Зеро, бугунги кунда мавжуд анъаналар моҳирлик билан замонавий хореографиянинг янада ёрқин ҳаракатлари билан бойитилган. Париж Миллий операси балет труппаси солистлари ижросининг бетакрорлиги сабаби ҳам шунда — раққослар классик репертуар ва замонавий хореографияни бирдек маҳорат билан тақдим этадилар.
Томошабинлар Алессио Карбоне, Валентина Колазанте, Пол Марк каби жаҳон балет юлдузлари чиқишларидан баҳраманд бўлиш имконига эга бўлади.
14 апрель куни бўлиб ўтадиган кечада “Оққуш кўли”, “Прелюдия”, “Дон Кихот”, “Коппелия”, “Корсар” ва бошқа балет-постановкалардан вариациялар ижро этилади.

 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири