Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Тупроқ унумдорлигини ошириш ва муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди.

«Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига тегишли қўшимчалар киритиш орқали чиқиндиларни тўплаш, олиб чиқиб кетиш, саралаш ва қайта ишлаш фаолияти билан шуғулланадиган солиқ тўловчиларга айрим солиқ имтиёзларини бериш таклиф этилмоқда.

«Ушбу қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар санитар тозалаш корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларда узоқ муддатли инвестиция лойиҳалари амалга оширилишини рағбатлантиришга хизмат қилади, – дейди фракция аъзоси Мавжуда Ҳасанова. – Шунингдек, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматларнинг самарали ташкил этилишини таъминлайди».

Мажлисда қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш мақсадида депутатлар томонидан бир қатор таклифлар билдирилиб, маъқулланди.

Фракция йиғилишида Бош вазирнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоровга ҳамда Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаевга махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида Қонунчилик палатасининг парламент сўровларини юбориш ҳақидаги масалалар кўриб чиқилди.

 

 

Муҳтарама Комилова, ЎзА