Президентимизнинг 2018 йил 14 мартдаги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонига кўра давлат хавфсизлик хизматнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларига қуйидагилар киради: 

Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилишни таъминлаш, мазкур соҳада қонунийлик ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга барҳам бериш;

Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовузларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга барҳам бериш бўйича разведка ва контрразведка фаолиятини амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараларини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш;
Ўзбекистон Республикасининг Қуролли Кучлари ва мудофаа-саноат мажмуасини давлат хавфсизлигига хавф-хатарлар ҳамда таҳдидлардан ҳимоя қилиш, мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш бўйича стратегик ташаббусларни амалга оширишда иштирок этиш;
терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш;
иқтисодий, илмий-техникавий, ижтимоий ва ахборот соҳаларида давлат хавфсизлигини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси халқининг тарихий-маданий ва бой маънавий меросини ҳимоя қилиш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупция ҳолатларига қарши курашиш;
телекоммуникация ва транспорт соҳасида давлат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда ҳолатларни юзага келтирувчи омилларнинг олдини олиш, аниқлаш ва уларга барҳам бериш;
Хизмат тергов қилиш ваколатига кирувчи жиноят ишлари бўйича терговга қадар текширув ва дастлабки тергов олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда давлат сирлари сақланиши, махсус алоқа хавфсизлигининг таъминланиши ҳамда ахборотларни криптографик ҳимоя қилишни ташкил этиш устидан назоратни амалга ошириш;
давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;
Хизматнинг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлиги ҳолатини такомиллаштириш ва сақлаб туриш, куч ва воситаларни фавқулодда вазиятлар юзага келган ҳамда ҳарбий ҳолат жорий қилингандаги ҳаракатларга тайёрлаш.

 

ЎзА