Халқимиз азал-азалдан миллатимиз тарбиячилари, мард ва жасур фарзандларни вояга етказиб, уларни она Ватан ҳимоячилари қилиб тарбиялаб келган аёлларни улуғлаб, эъзозлаб келган. Мард Тўмарис, Барчиной, Қумар она каби жасур ва қатъиятли аёлларимиз миллатимиз ғуруридир.

Бу йилги Зулфия номидаги Давлат мукофотининг маданият йўналиши бўйича соҳибаси, тахиатошлик полвон қиз Шаҳодат Джуллибаева ҳам мана шундай аёлларимиз тимсолидир. У ҳозирги кунда Нукус давлат педагогика институти жисмоний маданият факультети II босқич талабаси. Ўқув дастуридаги фанларни чуқур ўрганиш билан бирга спортнинг эркин кураш тури билан шуғулланади. Мамлакатимизда ёшларнинг жисмоний
ва маънавий соғлом бўлиб улғайиши учун яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, республика ва жаҳон миқёсида ўтказилаётган мусобақаларда юқори натижаларга эришиб келмоқда.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси. Спортнинг миллий кураш ва эркин кураш турлари бўйича спорт устаси.

2014 йили Хитой давлатининг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасида II ёзги Олимпия ўйинларида IV ўринни эгаллаган.

2014 йили 1998-2000 йилларда туғилган қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионатида 56 кг вазн тоифасида I ўринни эгаллаган.

2014 йили Таиланд давлатида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 52 кг вазн тоифасида III ўринни эгаллаган.

2014 йили давлатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига қўшган салмоқли ҳиссаси ва жамоат ишларидаги фаол иштироки учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

2015 йилда Ҳиндистон давлатида ўтказилган спортнинг эркин кураш тури бўйича Осиё ўсмирлар чемпионатида 56 кг вазн тоифасида фахрли                II ўринни эгаллаган.

2015 йилда Босния ва Герцеговина давлатида ўтказилган спортнинг эркин кураш тури бўйича Жаҳон ўсмирлар чемпионатида 52 кг вазн тоифасида фахрли III ўринни эгаллаган.

2016 йили Филиппин давлатининг Манила шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўсмирлар чемпионати иштирокчиси.

2016 йили қизлар ўртасида эркин кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатида 55 кг вазн тоифасида I ўринни эгаллаб, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг ёшлар ўртасида аёллар кураши бўйича “Йилнинг энг яхши спортчиси” дипломи билан тақдирланган.

Жамоат ишларидаги фаоллиги ва ташаббускорлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлмоқда. “Ёшлар иттифоқи” институт бошланғич ташкилотининг “Спорт” йўналиши сардори сифатида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Спорт – саломатлик гарови”, “Баркамол авлод – юрт таянчи”, “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” каби мавзуларда тадбирларни ташкил этиб келмоқда.

Шунингдек, қаҳрамонимиз замонавий ахборот технологиялари бўйича ҳам чуқур билимга эгалиги билан тенгқурлари ва узтозлари орасида ҳурмат қозонган.

Шаҳодат каби ўз устида тинмай ишлайдиган, доимо изланишда ва ҳар жабҳада фаол бўлган қизларимиз доимо ҳукуматимиз эътиборида. Улар Ўзбекистон аёлларининг куч-қудрати, сабру-матонатини намоён этиб келмоқда.

 

Ислам Матеков,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.