Наманган вилоятига расмий ташриф билан келган Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Қиянбек Сотиболдиев раҳбарлигидаги меҳмонлар замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган саноат, қурилиш индустрияси, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаси билан танишиб, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан мулоқотда бўлди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Қирғизистон тадбиркор ва ишбилармонлари бизнес форуми бўлиб ўтди.
Форумда ўзбек ва қирғиз халқлари азалий дўст-биродарлик, қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғлангани, ҳамкорлик муносабатлари икки давлат раҳбарларининг муштарак интилишлари туфайли бугун янада мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
– Ўзаро давлат ташрифлари чоғида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қирғизистон – бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас. Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик” ёки Қирғизистон Республикаси Президенти Сооранбой Жээнбековнинг “Сиз мамлакатларимиз ўртасидаги давлат чегарасини чинакам дўстлик, яхши қўшнилик ва шериклик чегарасига айлантирдингиз” деган эътирофларида икки қардош халқнинг хоҳиш-иродаси мужассам бўлди, – деди Наманган вилояти ҳокими Х.Бозоров. – Бугун вилоятимизда қирғиз миллатига мансуб 22 мингдан зиёд юртдошларимиз истиқомат қилмоқда ёки Жалолобод вилояти аҳолисининг 27 фоизини ўзбеклар ташкил этаётгани халқларимиз ўртасидаги ришталар мустаҳкамлигини ифодалайди.
– Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги чегара постларининг очилиш маросимларида чегаранинг ҳар икки томонида ҳам йиғлаётган инсонларни кўрдим, – дейди Қирғизистон Республикаси ҳукуматининг Жалолобод вилоятидаги мухтор вакили Қиянбек Сотиболдиев. – Шунда англадимки, бу қирғиз халқи учун ҳам, ўзбек халқи учун ҳам ғоятда узоқ кутилган, соғинилган кун эди. Бундан ташқари бугун бизни чегарада минглаб маҳаллий ўзбек ва қирғиз дўстларимиз жуда катта қувонч билан кутиб олгани ҳар қандай расмиятчиликдан холи, самимийлиги билан қалбимизни тўлқинлантирди. Бу бизнинг дўстлик ва ҳамкорлигимизнинг ёруғ келажагидан далолатдир.
Бизнес форумда Наманган вилоятининг инвестиция салоҳиятига доир маълумотлар тақдим этилди. Ўзбекистон – Қирғизистон тадбиркор ва ишбилармонларининг тўқимачилик, чарм пойабзал, фармацевтика, қурилиш саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, чорвачилик ва асаларичилик, туризм, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб йўналишларда ўзаро ҳамкорлик қилиш имкониятлари атрофлича таҳлил қилинди. Таъкидландики, 2016 йилда Наманган ва Жалолобод вилоятлари ўртасидаги товар айланмаси 5,2 миллион долларни ташкил қилган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 10,6 миллион долларга етгани ҳали олдинда жуда кенг имкониятлар турганлигидан далолат беради ва мазкур бизнес форум бу имкониятлар эшигини очишга хизмат қилади.
– Ўзим ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаман, – дейди Жалолобод шаҳар кенгаши депутати Нурбек Исмоилов. – Бироқ бу ерда тайёрланган костюмлар ва оёқ кийимларни кўриб Наманганда тикувчилик ва пойабзал ишлаб чиқариш ривожланганини кўрдим ва бу борада наманганлик тадбиркорлар билан ҳамкорлик қилиш истаги туғилди.
Шу куни қирғизистонлик меҳмонлар Наманган шаҳридаги “Дўстлик уйи”, Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Тўра Ибрат мажмуаси, “Голд Фреш” хусусий корхонаси, Наманган туманидаги “Мусаффо иқлим транс сервис” чорвачилик ва сутни қайта ишлашга ихтисослашган фермер хўжалигида бўлиб, у ерларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Делегация ташрифи доирасидаги тадбирлар давом этмоқда.