“Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий сектор фаоллигини ошириш ҳамда аҳолини арзон ва сифатли дори-дармонлар билан таъминлашдаги муаммолар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги, «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази» ДУК, “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамда ННТ, хусусий тиббиёт ташкилотлари вакиллари ва соҳада кадрларни етиштиришга масъул бўлган олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.

“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков соғлиқни сақлаш тизимида сифатли ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш, соҳада хусусий сектор фаоллигини ошириш ҳамда аҳолига арзон ва сифатли дори-дармонлар етказиб бериш борасида амалга оширилган ислоҳотларга тўхталиб ўтди.

– Ҳаракатлар стратегияси доирасида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бюджетдан ажратилган маблағлар 2017 йилдаги 7,3 триллион сўмдан 2021 йилга келиб 24,7 триллион сўмга, шифокорларнинг ўртача ойлик маоши 1131,2 минг сўмдан 3282,7 минг сўмга, ҳамширалар маоши 692,1 минг сўмдан 2008,6 минг сўмга, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун бюджетдан ажратилган маблағлар 4,5 баробарга оширилди, – деди Э.Туляков. – Сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлашда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бўйича қабул қилинган комплекс чора-тадбирлар натижасида хусусий тиббиёт ташкилотлари сони 4 000 тадан 7 049 тага етди. Улар томонидан кўрсатилаётган тиббий хизматлар турини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди. Жумладан, айни кунда хусусий тиббиёт ташкилотларига 126 та тиббий ихтисослик бўйича лицензия олишларига имконият яратилди, авваллари улар атиги 50 турдаги хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга эди.

2021 йилдан хусусий тиббиёт муассасаларига трансплантология каби мураккаб жарроҳлик амалиётини ўтказиш, “Ҳамширалик иши” ва “Мобиль тиббиёт”ни ташкил этиш учун ҳам рухсат берилди.

Шунингдек, тадбирда иштирокчи экспертлар томонидан 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясида ҳам соҳани тараққий эттириш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида ислоҳотларни тизимли давом эттиришга оид бир қатор мақсадлар белгиланганлиги таъкидланди.

Жумладан, Тараққиёт стратегиясида тиббий хизматлардаги хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш, дори воситалари ва тиббий буюмларга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни 3 баробарга ошириш, дори-дармон ва тиббиёт воситалари ишлаб чиқариш улушини 80 фоизга етказиш, аҳолини тиббий суғурталаш тизимини босқичма-босқич жорий қилиш, электрон рецепт тизимини кенг жорий этиш, дори воситалари нархларига риоя этилишини онлайн кузатишнинг ахборот тизимини яратиш каби мақсадлар белгиланган.

Шу ўринда халқаро тажрибага назар соладиган бўлсак, аксарият ривожланган давлатларнинг соғлиқни сақлаш тизимидаги муваффақияти хусусий тиббиёт тизимининг ривожланиши билан изоҳланади. Сабаби, рақобат бор жойда хизмат кўрсатиш сифати ошиб, илғор хорижий технологиялар соҳага жорий этиб борилади.

Қолаверса, хусусий сектор давлатнинг тиббий хизматлар билан таъминлаш юкининг бир қисмини ўзига олган ҳолда, халқимизнинг ушбу хизматлардан фойдаланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришга ҳам хизмат қилмоқда.

Давра суҳбати якунида соҳа мутахассис ва экспертлари томонидан аҳоли учун сифатли ва малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича белгиланган мақсадларни амалга ошириш ҳамда мавжуд тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклифлар билдирилди.

ЎзА