Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида академиянинг ҳақиқий аъзолигига қабул қилинган 12 нафар янги аъзони тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, кенг жамоатчилик вакиллари, талаба-ёшлар ҳамда журналистлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн соҳасини янада ривожлантириш, мазкур соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодий имкониятларидан унумли фойдаланиш борасидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Шу кунга қадар Ўзбекистон Бадиий академиясида 27 аъзо фаолият юритиб келаётган эди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида Бадиий академия аъзоларининг фаолият йўналишлари доирасида 2018 йилга мўлжалланган “Йўл хариталари”ни тасдиқлаш, унга кўра, янги аъзоларнинг ижодий, илмий-педагогик йўналишларда фаолият юритиши, жойлардаги мусиқа ва санъат мактабларида мастер-класс ва учрашувлар ўтказиши, таълим йўналишида санъат ва санъатшунослик соҳалари бўйича мутахассисларни тайёрлашда иштирок этиши белгилаб берилган.
Тадбирда Бадиий академиянинг янги ҳақиқий аъзоларига диплом ва гувоҳномалар топширилди.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА мухбири