Туркий халқлар бир илдиздан ўсиб чиққан улкан дарахтга ўхшайди. Шу дарахтнинг ер юзига кенг соя берадиган икки йирик шохларидан бири қозоқ халқи бўлса, бошқаси ўзбек халқидир. Бир теран томирдан сув ичган икки халқнинг кенг ва чуқур маъноли маданияти, урф-одатлари, қадриятлари бир-бирига туташ, ўзаро ҳамоҳанг ва уйғун.
Биргина “Алпомиш” достонини оладиган бўлсак, унинг ўзбекча ва қозоқча талқинлари бўлиб, иккиси ҳам китобсеварларга завқ, мардлик, матонат ва бағрикенглик туйғуларини сингдиради. Қардошлик ва биродарлик ришталари асрлар оша қондошлик, қуда-андаликка уланиб кетган.
Айниқса, кейинги чорак аср мобайнида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари мустаҳкамланди. Икки давлатнинг маданий алоқалари кенг қанот ёйди, янада равнақ топди. 2018 йилнинг Қозоғистон Республикасида Ўзбекистон йили деб эълон қилингани улкан тарихий воқеадир. Бу Қозоғистон давлатининг, қўшни, қардош халқнинг бизга ҳурмат-эҳтироми рамзидир. 2018 йил давомида Қозоғистонда Ўзбекистон деган сўз баланд пардаларда куйланади, мадҳ этилади.
Қозоғистонда “2018 йил – Ўзбекистон йили” дастури муносабати билан маданият, санъат, адабиёт соҳаларида бажарилиши режалаштирилаётган бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, хайрли ишлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш ўринли. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида Остона шаҳрида ўзбек ҳунармандларининг 400 дан ортиқ маҳсулотини акс эттирган кўргазма намойиш этилади. Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтувчи Ўзбекистон йилига бағишланган тантанали маросим – катта концерт дастури ўзбек маданияти ва санъатининг нақадар бой ва бетакрорлигини тараннум этиши шубҳасиз.
Дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишида сўз санъати –адабиётнинг ўрни беқиёс. Олмаота шаҳрида ўтказилувчи Ўзбек адабиёти кунлари доирасидаги адиблар билан учрашувлар, ижодий мулоқотлар икки халқ қаламкашларининг ўзаро фикр алмашишида, адабий жараёнлардан баҳраманд бўлишида муҳим аҳамият касб этади.
2018 йилнинг иккинчи чорагида Ўзбек Миллий академик драма театри ижодкорлари Чимкент шаҳрига сафар қилади. Остона шаҳрида “Ўзбек аёллар миллий либослари ва халқ амалий санъати кўргазмаси” ҳамда “2018 йил Қозоғистонда – Ўзбекистон йили”, деб номланган китоблар кўргазмаси ташкил этилади. Олмаотада ташкил этилувчи “Ўзбек миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари” пазандалик санъати ихлосмандларини ҳайратда қолдириши шубҳасиз.
Йилнинг учинчи чорагида Туркистон шаҳрида “Фольклор жамоалари экспедицияси”, Республика ёш томошабинлар театри жамоасининг Олмаота шаҳрига ижодий сафари кўзда тутилган. Шунингдек, бадиий жамоалар ва эстрада ижодкорлари иштирокидаги “Ош фестивали” асрлар давомида сайқал топиб келаётган миллий анъана ва қадриятларимизни тўлақонли ифодалаш имконини беради.
Остона шаҳрида “Ўзбекистон йили”нинг ёпилиш маросимига бағишланган тантанали концерт дастурида икки халқ санъат усталари ва ижрочи ёшлар қатнашади. Маданий мулоқотимизнинг ўзига хос сарҳисобига айланадиган ушбу концертни баланд руҳда, кўтаринки ва байрамона кайфиятда, завқли ва жозибали мусиқий дастурларга, жўшқин куй-қўшиқларга, ранг-баранг рақсларга бой тарзда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.
Шу билан бирга, йил давомида икки давлат вакилларининг тасвирий санъат соҳасидаги халқаро кўргазмалари, конференциялари, семинарлари, қизиқарли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши кўзда тутилган. Халқаро “Евроосиё” кинофестивалида юртимиз кино ижодкорларининг иштироки, Жаҳон мутолаа конгрессида ўзбек адибларининг, “Остонанинг маданий қиёфаси” халқаро илмий-амалий конференциясида олимларимизнинг, “Халқаро болалар ёзувчилари форуми”да ўзбек ёзувчиларининг, “Остонанинг 20 йиллиги: Остонанинг 20 та жаҳон кутубхонаси” лойиҳаси ҳамда “Остона 2018 – Евроосиёнинг китобхонлик пойтахти” халқаро фестивалида ўзбек кутубхонашуносларининг қатнашиши белгиланган.
Тараз, Чимкент, Қизилўрда, Туркистон шаҳарларида ўзбек киноси кунлари, “Замонавий Ўзбекистон” номли қозоқ ижодкорлари фотокўргазмаси, Ўзбекистон тасвирий санъати асарлари кўргазмаси ҳамда Туркистон, Қизилўрда ва Сариоғоч шаҳарларида юртимиз бадиий жамоалари ва эстрада ижодкорлари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилиши, “Жалолиддин Мангуберди” бадиий фильмининг бир нечта эпизодларини тасвирга олиш ҳам режалаштирилган.
Шунингдек, А.Кастеев номидаги Қозоғистон Республикаси давлат санъат музейи ва И.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиши режалаштирилган. Унга кўра, томонларнинг мунтазам равишда ва ўзаро ҳамкорликдаги учрашувларини ташкиллаштириш, музейлар фаолиятини ривожлантириш бўйича ахборот алмашинувлари ва режа асосида кўргазмалар уюштириш кўзда тутилган.
Ўз навбатида юртимизда ҳам Қозоғистон маданиятига тааллуқли тадбирлар ва кўргазмалар ташкил этилиши икки давлат маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашига ҳисса қўшади. Шу маънода, Тошкент шаҳрида машҳур қозоқ рассоми Батухан Байменнинг шахсий кўргазмаси, Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида “Ўзбекистонда Олмаота вилояти кунлари”, “Атлас байрами” Халқаро тўқимачилик фестивали ўтказилади. Академик чолғулар, эстрада ва анъанавий ижрочилик бўйича “Истеъдод” II халқаро танлови, Кўп овозли халқ чолғулари ансамбль ва оркестрларининг “Наврўз садолари” номли IV халқаро фестивалида ҳамда халқаро “Мақом санъати” анжумани каби тадбирларда Қозоғистондан вакиллар ва ижодкорлар ҳам қатнашади.
Бир денгизга туташган дарёлардан сув ичиб, олис мозийдан бугунги кунгача дўст-қадрдон бўлиб яшаётган ўзбек ва қозоқ халқи биродарлик алоқаларининг янада мустаҳкамланиши, давлатлараро муносабатларнинг кенгайишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга амалий ташрифи давомида имзоланадиган бир қатор ҳужжатлар, Қозоғистонда Ўзбекистон йили доирасида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар, Ўзбекистонга Қозоғистон маданият аҳлининг ташрифлари янада кўпроқ аҳамият касб этади.
Қозоғистонда Ўзбекистон йили бошланди. Йиллар ўтади, бугунги кун тарихга айланади. Бу борадаги барча саъй-ҳаракатларимиз дўстона муносабатларнинг, ҳамжиҳатлик, қардошлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Бахтиёр Сайфуллаев, Ўзбекистон Республикаси маданият вазири.
ЎзА