Парламент қуйи палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ҳудудлардаги мавжуд ҳолат билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш ва ўрганишлар якунлари ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича қилинган ишлар сарҳисоб қилинди.
Республика туманларидаги 5 минг 224 та хонадон соҳиби билан юзма-юз мулоқот ўтказилган.
Мулоқотларда 3 мингдан ортиқ турли йўналишдаги муаммо кўтарилиб, уларнинг мингдан зиёди депутатлар томонидан мутасадди ташкилотлар иштирокида жойида ҳал этилди. 1 минг 538 та турли хилдаги муаммони бартараф этишга қаратилган туманларнинг «йўл хариталари» ишлаб чиқилиб, халк депутатлари маҳаллий Кенгашларининг сессияларида тасдиқланди. Айрим муаммолар республика ва вилоят даражасида ҳал этиладиган бўлди.
Депутатларнинг фикрича, февраль ойида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар туманларида аҳоли билан ўтказилган мулоқотлар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланишининг ҳолатини ўрганиш давомида жойларда ўз ечимини топган кўплаб масалалар билан бир қаторда айрим тизимли муаммолар ҳам кўзга ташланган.
Жумладан, фуқароларни ташвишга солаётган аксарият масалалар уларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнатга оид муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш, айниқса, вақтинчалик меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларимиз дуч келаётган тўсиқлар билан боғлиқлиги қайд этилди.
Андижон вилояти Хонобод шаҳрида норасмий равишда чет давлатларга чиқиб кетганлар сони 4 минг 336 нафарни ташкил этиб, улардан 1 минг 217 нафари аёллардир. 2017 йил давомида чет давлатларда ишлаб қайтган фуқаролар 1 минг 648 нафарни ташкил этиб, мониторинг натижасида айни пайтда улардан 1 минг 502 нафари иш билан банд эканлиги маълум бўлган.
Норасмий равишда чет давлатларга кетган фуқароларнинг 2 минг 136 нафари узоқ муддатларга чиқиб кетган.
Хориждан ишлаб қайтган фуқароларни иш билан таъминлашда ҳудудий Бандлик марказлари фаолияти Тошкент вилояти мисолида таҳлил этиладиган бўлса, Ангрен шаҳрида 3,2 фоиз, Олмалиқ шаҳрида 1,8 фоиз, Бекобод шаҳрида 3 фоиз қайтган фуқароларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилган.
Меҳнат мигрантларини иш билан таъминлашдаги мавжуд муаммоларни инобатга олган ҳолда мазкур масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига депутат сўрови юборилган. Фракция йиғилишида мазкур кўтарилган муаммолар бўйича вазирликнинг ахбороти тингланди.
2018 йилнинг 1 январь ҳолатига хорижда меҳнат фаолиятини юритиб, қайтиб келган 779,2 минг фуқародан 493,7 минг нафарининг бандлиги таъминланган.
Соҳада сақланиб қолаётган муаммоларнинг ечимига хизмат қилувчи ва тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш мақсадида вазирлик томонидан «Меҳнат миграцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА мухбири