Жорий йилда Нукус шаҳри, Тўрткўл, Элликқалъа ва Мўйноқ туманларида замонавий меҳмонхоналар ташкил қилинади. Мўйноқ туманидаги Судочье кўли бўйида дам олиш маскани ва балиқ маҳсулотларидан миллий таомлар тайёрловчи овқатланиш шохобчаси ишга туширилади. Шунингдек, ҳудуднинг этнографик хусусиятидан келиб чиққан ҳолда “Ethno-Village” (этно-қишлоқ) ҳамда Элликқалъа туманида Ақчакўл ёнида туристик мажмуа барпо қилинади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи Байрам Қусекеевнинг таъкидлашича, айни пайтда Қорақалпоғистонда 34 туристик ташкилот фаолият юритмоқда. Улар томонидан ўтган йили 8 мингдан ортиқ сайёҳга хизмат кўрсатилган. Қорақалпоғистонга асосан Франция, Буюк Британия, Германия, АҚШ, Россия ва Япония давлатларидан туристлар ташриф буюрмоқда.
Мўйноқ туманидаги “Очиқ осмон остидаги кемалар музейи” атрофида “Muinok tour” сайёҳлик фирмаси томонидан 4 ўтов, “Мўйноқ” маяги ва овқатланиш шохобчаси ташкил қилинди. Мазкур объектларнинг атрофи ободонлаштирилиб, денгизнинг тарихи ва харитаси ёзиб қўйилди.
2018-2019 йилларда Қорақалпоғистонда 42 лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. Яъни, 8 янги меҳмонхона, 3 кемпинг, 3 логистика ҳамда 1 туристлар учун овқатланиш ўрни қурилиши назарда тутилган.
Нукусдаги И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейига мамлакатимизнинг қатор вилоятларидан, Қорақалпоғистон Республикасининг барча шаҳар ва туманларидан саёҳатчиларни жалб қилган ҳолда турлар ташкил этилмоқда. Оролбўйининг туризм ва экотуризм салоҳияти ҳақида ўзбек, рус ва инглиз тилларида каталог, китоб ва флайерлар тайёрланган.
Дастурга кўра, миллий санъатимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз ва қадриятларимизни кенг тарғиб этиш мақсадида “Ёшлар фольклори” республика фестивали, “Аббаз овози Қаратеранг ирғоқлари” фольклор фестивали ва жировлар, бахшилар, охун ва қиссахонлар иштирокида “Қур” фестивали ўтказилади.
“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши томонидан Қорақалпоғистон Республикаси туризмни ривожлантириш бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши, Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси билан ҳамкорликда турлар ва экскурсиялар ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Бунда халқимиз, айниқса, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар ва ёрдамга муҳтож оилалар вакилларининг мамлакатимиз ҳудудидаги тарихий жойларга саёҳатларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА мухбири