“Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Президенти сифатида ҳокимият тепасига келиши билан Ўзбекистон ўзининг мутлақо янги ривожланиш даврига ўтди. Давлат бошлиғи асосий эътиборни ички ва ташқи сиёсатга, очиқлик ҳамда Марказий Осиё, Россия, Хитой давлатлари ва АҚШ билан дўстона муносабатлар ўрнатиш чораларини амалга оширишга қаратди. Халқаро ташкилотлар билан, энг аввало, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган муассасалари, Жаҳон Банки, ЕТТБ билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Қатъий сиёсий ирода ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида мамлакатда болалар ва мажбурий меҳнатга тўлиқ барҳам беришга эришилди.”

Бу фикрлар Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директорининг собиқ маслаҳатчиси Кари Тапиоланинг “Пахта далаларида ишончнинг мустаҳкамланиши: Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистондаги фаолияти” номли монографиясида битилган.

Айтиб ўтиш керакки, К.Тапиола 2010-2019 йилларда ХМТ Махсус маслаҳатчиси лавозимида фаолият юритган ва ўша йилларда бир неча марта Ўзбекистонга ташриф буюрган.

Тошкент шаҳрида мазкур монографиянинг тақдимоти ўтказилди.  Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, халқаро экспертлар иштирок этди.

Сенат раиси Т.Норбоева Президент бошчилигида меҳнат муносабатлари тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, хусусан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини бартараф этиш борасида қилинган ишлар натижа кўрсатганини  қайд этди.

Ўзбекистоннинг ХМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан амалий ҳамкорлиги меҳнат муносабатлари тизими мустаҳкамланиши ва ривожланишига хизмат қилди.

Мазкур соҳада ўнта юқори кўрсаткичга эришилди. Жумладан, мавжуд муаммолар белгилаб олиниб, улар кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга очиқ эълон қилинди. Тез фурсатда уларнинг ечими бўйича амалий ишлар бажарилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг ўзига хос мутлақо янги тизими яратилди ҳамда мамлакатда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича уч босқичли тизим (Миллий комиссия – кичик комиссиялар – ҳудудий комиссиялар) шакллантирилди.

Халқаро нормалар асосида меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди, фуқаролик жамияти вакиллари мониторинг фаолиятини олиб боришда асосий локомотив кучга айланди. Халқаро ноҳукумат ташкилотлари вакиллари билан меҳнат масалалари бўйича мулоқот ва ҳамкорлик кенгайтирилди ва ўзаро ишонч мустаҳкамланди. Бундан ташқари, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни тизимли қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Қишлоқ хўжалиги тизими ислоҳ қилинди, кластер тизими яратилди, болалар ва мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам берилди.

Муҳими, ўзбек пахтасига бойкот бекор қилиниб, АҚШ Меҳнат вазирлиги ўзбек пахтасини «Болалар ва мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар рўйхати»дан чиқарди.

Тадбирда халқаро экспертлар томонидан меҳнат муносабатлари соҳасида эришилган натижалар ва бугунги кунда ХМТ билан ҳамкорликда муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар халқаро майдонда юксак эътироф этилиши ва бу борада Ўзбекистоннинг миллий тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлиши мумкинлиги таъкидланди.

Булар монографияда ҳам ўз аксини топган бўлиб, унда Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши курашиш, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш, меҳнат соҳасига оид халқаро стандартларни жорий этиш борасида амалга оширилган ишлар ва натижалар кенг ёритилган.

Тадбирда ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича бюроси директори О.Кулаева, ХМТ Бош директорининг собиқ маслаҳатчиси К.Тапиола ва қатор халқаро ташкилотларнинг мутахассислари ҳамда хорижий мамлакатларнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари мазкур муҳим нашр юзасидан фикрларини баён қилиб, меҳнат соҳасида Ўзбекистон эришган юксак натижаларни халқаро майдонда тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА