Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилнинг январь-ноябрь ойларида 1 минг 18 тоннадан зиёд узум маҳсулоти экспорт қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экспорт штабининг маълум қилишича, жорий йилнинг январь-май ойларида 1 килограмм узумнинг экспорт нархи ўртача 0,5 долларни, июнь-июль ойларида эса ўртача 1,8 долларни, август-ноябрь ойларида эса ўртача 1,2 долларни ташкил этди.

Узум экспортида Нукус тумани етакчилик қилди. Ушбу туманнинг ўзидан 15 ноябрь куни 700 тонна узум Қозоғистон ва Россия Федерациясига экспорт қилинди. Ҳар бир килограмм узум 0,7 доллар атрофида сотилган. Мамлакатимиз бозорларида чакана савдода 1 килограмм узумнинг нархи 0,3 долларни ташкил этишини ҳисобга олсак, узум етиштирувчиларнинг экспортдан қанча даромадга эга бўлишини англаш мумкин.

Маълумот ўрнида қайд этиш зарур, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” фармони асосида экспортёрларга бир қатор имтиёзлар берилди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА