Кураш бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида “Ўзбек полвони” мусобақаси Нукус шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш чораси кўрилмоқда. Жумладан, қарорда ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида кураш бўйича “Ўзбек полвони” республика мусобақасини ўтказиш белгиланган.
Қорақалпоғистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон кураш федерацияси Қорақалпоғистон бўлими, Нукус шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 9 та жамоадан 54 нафар спортчи иштирок этди.
Мусобақа якунида ўз вазн тоифаларида эркаклар ўртасида Султан Қаниязов, Мадияр Бекполатов, Рустам Оразов, Равшанбек Халиков, Копберген Разақов, аёллар ўртасида Жанна Сайипназарова, Нурсулув Бердақова, Клара Дарменбаева ғолиб бўлди ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Барча вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совринли ўрин эгалари ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА