Мактаб ўқувчилари учун содда ривоятлар

Замондошлари хотиралари, халқ орасида тўқилган нақллар, турли ривоят ва ҳикоятлар улуғ зотларнинг қиёфасини тўлиқроқ тасаввур этишга кўмак беради. Абдулла Ориповнинг дастурхон устида, учрашувларда, ишхона ва кўча‑кўйда айтган теша тегмаган гап‑сўзлари, қочиримлари, у киши билан боғлиқ воқеа‑ҳодисалар улуғ шоир сиймоси яратилишига хизмат қилишдан ташқари ижтимоий‑адабий ҳаёт жараёнлари тикланишига ҳам хизмат қилади. Шогирдлари, мухлислари, ҳамкасблари, жамоадошлари мангуликка дахлдорлиги шубҳасиз бўлган дарёдил шоиримиз билан турли учрашувларда, суҳбатларда эсларида қолган бирон бир теша тегмаган гап, воқеа‑ҳодисани ўзларидан орттириб axborot59@mail.ru манзилига юборишса миннатдор бўлар эдик.
МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ УЧУН СОДДА РИВОЯТЛАР
Жоҳиллик ва аблаҳлик
Абдулла Орипов қирчиллама қирқ ёшида халқ орасида шу қадар машҳур эдики, ўша пайтларда унга ғойибона чинакам ихлос қўйган марҳум шоир Асқар Маҳкам билан уни излаб Хўжанддан Тошкентга келдик.
Биз биров билмайдиган талаба, Абдулла Орипов машҳур шоир – у билан қандай учраша оламизу, нима ҳақда гаплашишимиз мумкин – ҳар иккимизнинг ҳаяжонимиз чексиз эди.
Уни излаб “Ўзбекистон” меҳмонхонаси қаршисидаги уч қаватли кўркам бинода жойлашган, обрў‑эътибори бошқа ташкилоту вазирликларга қараганда жуда баланд бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига бордик. Шоир ўша ерда адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаши бизга маълум эди.
Уни ҳозиргина кетди, дейишди. Уюшма эшигидан кираверишда, чап томонда китоб дўкони бор экан. Не кўз билан кўрайликки, ўзимиз қидириб юрган, олтмиш минг нусхада чоп этилган эса‑да, ҳеч қаердан топиб бўлмайдиган “Юзма‑юз” шеърий тўплами пештахтада турибди. Излаб келган шоирнинг ўзини кўргандек қувониб, чўнтак кўтарганча бу китобдан сотиб олиб, уни қўлга киритиш иштиёқида куйиб‑ёниб юрганлар тенг‑тўшларимизга совға қилмоқчи бўлдик. Аммо афсуски, бунинг иложи бўлмади, унга мумтоз шоирларнинг биратўла тўрттадан китобчаси қўшиб сотилаётган экан.
Узун гапнинг қисқаси, ўша куни “Болалар дунёси” магазини ортидаги кўп қаватли баланд уйнинг олтинчи қаватидаги шоир хонадонида у билан илк даъфа кўришиб, суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлдик.
‑ Яқинда Ўлмас Жамол келувди, ‑ деди Абдулла Орипов бизнинг қаердан эканимиздан воқиф бўлгач, Ўзбекистоннинг Ургут туманида туғилган эса‑да Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, ўзбек ва тожик тилларида бемалол ижод қила оладиган зуллисонайн шоирни тилга олиб. – Ғазални эплаб ёзадиганлар кўп эмас, Ўлмас Жамол шу маънода бармоқ билан санарли шоирларимиз қаторида туради.
Учовлон қурган мароқли суҳбатда, шубҳасиз, биз тингловчи бўлдик.
Ўша маҳалларда Антон Павлович Чеховнинг “Истеъдодсиз ёзувчи зўр руҳоний каби ғўддайиб юради”, деган гапи машҳур эди. Камтарлиги, соддадиллиги, ўзи қизиқ бир гап айтиб қаҳ‑қаҳ уриб кулишларида улуғ шоирда ғўддайишдан асар ҳам йўқлигини пайқаб, ундан миннатдор бўлдик.
Қайтишимизда “Юзма‑юз”га дастхат ёзиб бераётиб мумтоз шоирларнинг қўшиб сотилган китобларига унинг нигоҳи тушиб қолди ва:
‑ Қўшиб сотишяптими? – деб сўради кайфияти бузилиб, кейин жавобимизни ҳам кутиб ўтирмай, бош чайқади. – Китобимга асарлари қўшиб сотилаётган улуғ шоирлар қаршисида оддий ҳаваскор эканлигимни билишмайди‑да, ана‑а жоҳиллик!
Орадан ўн беш йиллар ўтгач, Дўрмон ижод боғидаги ҳовлисида Абдулла Орипов қалин бир китобни қўлимга тутқазиб:
– Бу одам шеър ёзганман, проза ёзганман деб даъво қилибди‑ю, адабиётнинг нима эканлигига фаҳм‑фаросати етиб ҳам бормабди, ‑ деди истеҳзо билан. – Суратлар остида ёзувларга қаранг.
Қалин муқовали китобдаги суратлар ости “Фалончи машҳур ижодкор мухлислари орасида шеър ўқияпти, халқ дардини тинглаяпти, халқ артисти билан ижод устида, қавму қариндошлар билан” сирасидаги чучмал изоҳлар билан тўлиб‑тошган эди.
‑ Бир куни бу ерга фотографни етаклаб келувди, ‑ эслади Абдулла ака қўлимдаги китобга қия қараб қўяркан. – Ёллаб, олиб юрса керак‑да. Хайрият, чиқиб кетаётувдим, йўқса мен билан ҳам суратга тушиб, “офтобшувоқда қатиқ ялашган қадрдони Абдулла Орипов билан”, деб айтишдан ҳам тоймасмиди? Бунақалар битта‑иккита эмас‑да, ўзларини шунақа қоғозга ўраб кўрсатишадики, ҳақиқий ижодкорлар бир четда қолиб, ўшаларнинг этагидан ушлаб кетишади, ана‑а жоҳиллик!
Вафотидан икки‑уч йил олдин Абдулла Орипов маънавият масаласида мўъжазгина мақола ёзиб, шуни қизи орқали менга бериб юборган, бир қўнғироқ қилсин, деган экан. Дарҳол уландим.
‑ У ёқ‑бу ёғини мослаб журналда бериб юборилса девдим, ‑ деди Абдулла ака хижолат чекаётгандек томоқ қириб олиб. – Биласан‑ку, мен институтда профессорман, кафедрадан сўрашибди, шунақа қоидаси бор экан, журналда мақола чиқариш керак экан.
‑ Сиз Ўзбекистон Қаҳрамони унвонини маънавият соҳасида олгансиз, – дедим ҳам ҳайрон бўлиб, ҳам ғазабланиб. – Бунақа нарсалар аспирантлар, илмий иш ёқламаганлардан талаб этилади‑ку?!
‑ Нима дейсан энди, ‑ деди Абдулла ака ҳорғин товушда. – Кўрмайсанми жоҳилликни!
Аммо мақола журналда чиқмади. Бир куни Бош муҳаррир тўсатдан:
‑ Фалон газетанинг Бош муҳаррири нима учун ишдан бўшатилганини биласизми? – деб сўради муҳим сирдан воқифдек.
Мен кифт қисдим.
‑ Абдулла Орипов шеърларини чоп этгани учун! – хитоб қилди  у билағонлик билан.‑ Бунақа нарсаларни сиз билишингиз керак!
Бунақа нарсаларни мен билардим, аммо амал қилмасдим, шу сабабли ҳеч бир идора ишида омадим юришмасди. Бу гал ҳам шундай бўлди, у ердан кетдим.
Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидов ёнма‑ён тушган сурати ва ҳамдардлик сўзлари битилган матн икки улуғ зотнинг ўлими муносабати билан ўша журналда чоп этилганига, ҳаттоки илмий журналда бағрикенглик кўрсатилиб шеър ҳам берилганига кейинчалик кўзим тушиб ҳеч ажабланмадим. Уч бора афсусу надомат билан айтилган сўзлар қулоғим остида тўртинчи даъфа янграгандек бўлди – ана‑а, жоҳиллик!
“Асҳоби каҳф”да зикр этилмиш Даққиюнус билан ош-қатиқлашган Бош муҳаррир ишдан кетмади. Аксинча, улуғ шоир шахси ва ижодига муносабат Давлатимиз раҳбарининг саъй‑ҳаракати билан кескин ўзгарган маҳалда бу борада ҳиммат кўрсатиб, қатордан қолмаганидан боши осмонга етган бўлса, ажабмас.
Ана‑а, аблаҳлик!
Куйлакнинг ичида ўзим эканман
Абдулла Орипов халқ мақоллари, нақллари, латифаларини ижодида ҳам, суҳбатларида ҳам жойида ишлата олар эди.
Бир тунда Насриддин Афанди ташқарида шовқин-сурон бўлаётганини эшитиб, ухлаб ётган жойидан сакраб туради-да, милтиғини кўтариб чиқиб кетма-кет ўқ узади. Шовқин-сурон тинади. Афанди уйга қайтиб кириб, уйқуни бемалол давом эттиради. Эрталаб ҳовли ўртасидаги кирарқонда ювиб ёйиб қўйилган ўзининг куйлагини тунда узган ўқлари илма-тешик қилиб юборганини кўриб:
— Хайрият, куйлакнинг ичида ўзим йўқ эканман! — деганича қувониб кетади.
Бу латифани эшитиб, даврадаги шогирдлари мириқиб кулаётганини кўриб устознинг ўзлари ҳам қаҳқаҳа урадилар.
Шунда тепадан қўнғироқ бўлиб, бир номзоднинг ҳужжатларини тезроқ расмийлаштириб, уни уюшмага аъзо қилиб олиш кераклиги ҳақида устоз топшириқ олади. Орадан анча вақт ўтиб, эгаллаб турган вазифасидан истеъфога чиқарилгач, кимдир унга айтиб берган латифасини эслатганида Абдулла ака истеҳзо билан шундай лутф қилади:
— Ўша куйлакнинг ичида ўзим бўлган эканману, билмай қолибман-да!
Шойим Бўтаев