Эртага – 7 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг ўттиз учинчи ялпи мажлиси бўлиши кутилмоқда.

Ялпи мажлис олдидан Сенат қўмиталарида эртага кўриб чиқиладиган масалалар дастлабки тарзда кўриб чиқилмоқда.

Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун муҳокама қилинди.

Қонун билан амалдаги бир қатор қонун ҳужжатларига, хусусан, “Гаров тўғрисида”ги қонун ва Фуқаролик кодексига мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиришлар киритилмоқда.

Гаровга қўйувчининг гаров мол-мулки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса, унинг мол-мулкка бўлган ҳуқуқи қонунда белгиланган асосларда ва тартибда бекор бўлса, гаровга қўйувчига бошқа мол-мулк берилиши ёки тегишли товон пули тўланиши белгиланмоқда.

Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари ҳамда иқтисодиётнинг ишлаб чиқариш соҳаларида маҳаллийлаштириш дастурларининг ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Бу масала Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлисида ҳам кўриб чиқилди.

Сенаторлар асосий эътиборни маҳаллийлаштиришни амалга ошириш орқали импортни қисқартириш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини кенгайтиришда кўрилаётган чоралар ва уларнинг ижросига қаратди.

Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида  “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Географик объектларга (кўча, маҳалла, майдон, боғ ва аҳоли пунктларининг бошқа таркибий қисмлари) шахс номини берилишида юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш ҳақида сўз юритилди. Бунда Ўзбекистон ва жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш тартиби аниқлаштирилиши зарур.

Шунингдек, қўмита мажлисида “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонуннинг ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишга оид қисмининг Навоий вилоятида ижро этилиши ҳолатини ўрганиш якунлари муҳокама қилинди.

Ўрганиш жараёнида аниқланган муаммолар фуқароларимиз ҳаёти ва хавфсизлигини таъминлаш учун ўта долзарб эканлигини инобатга олиб, мазкур масалани Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритиш учун қўмита томонидан парламент сўрови лойиҳасини тайёрлаш таклифи илгари сурилди.

Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг мажлисида “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунлар муҳокама қилинди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда ваколатли идораларнинг вазифалари, воситачиларнинг ўрни ҳамда улар кўрсатадиган хизматлар белгилаб берилаётгани қайд этилди.

Янги таҳрирдаги “Стандартлаштириш тўғрисида”ги қонунда давлат стандарти тушунчаси мажбурий бажариш маъносини англатгани боис, хорижий тажрибаларга таянган ҳолда “миллий стандарт” тушунчасига ўзгартирилиши, чунки миллий стандартлар ихтиёрий асосда қўлланилиши ҳақида гап борди.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси мажлисида Оролбўйи минтақасида экологик барқарорликни таъминлаш ҳамда замонавий инновацион технологияларни кенг татбиқ этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилиши ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилаётган камчиликларни ялпи мажлисга олиб чиқишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова,  
ЎзА