Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Ўзбекистонга келган Халқаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг вакиллари, Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон касаба уюшмалари раҳбарлари Ўзбекистон Олий Мажлис Сенатига ташриф буюрди.

Сенат раиси – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева меҳмонлар билан учрашувда мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан меҳнат муносабатлари тизимида сезиларли ўзгаришлар бўлганини алоҳида қайд этди. Соҳада ташкилий-ҳуқуқий, қонунчилик ҳамда халқаро стандартларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Мулоқот давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, муносиб меҳнат тамойилларини амалиётга татбиқ этилишида халқаро майдонда тан олинган Ўзбекистон тажрибаси алоҳида эътироф этилди.

Болалар меҳнатини ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида фуқаролик жамияти институтлари, касаба уюшмалари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорлик олиб борилаётир.

Бу борада Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик алоҳида ўрин тутмоқда. Кейинги йилларда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, муносиб меҳнат шароитларини такомиллаштириш борасида самарали ишлар амалга оширилди.

Учрашувда томонлар меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда минтақавий ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу жараёнларда касаба уюшмалари фаолиятини мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, 2021 йилда Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари Кенгашининг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Кенгашнинг ўтган даврдаги фаолияти давомида қатор тадбирлар амалга оширилиб, меҳнат муносабатларини такомиллаштиришда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришга муҳим ҳисса қўшилди.

Учрашув якунида меҳнат муносабатлари йўналишида ҳамкорликдаги лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА