Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Карл Учинчига унинг волидаи муҳтарамаси Қиролича Елизавета Иккинчи оламдан ўтгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

«Ул зот 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган, Қиролликнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди», дейилади давлатимиз раҳбарининг таъзияномасида.

Президентимиз ушбу мусибатли дамларда Қиролга, оиласининг барча аъзоларига ва бутун Буюк Британия халқига таскин сўзларини билдирди ҳамда сабр-тоқат ва бардамлик тилади.

ЎзА