Жорий йилнинг Наврўз умумхалқ байрами «Азиз ватандошлар, ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» ғоясини ўзида мужассамлаб, мамлакатимизда ушбу байрамга тайёргарлик ишлари бошланиб кетди. Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган байрам сайлларида иштирок этиш учун олиб борилаётган тайёргарлик ишлари тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш бўлими раҳбари Адилбек Сейтов шундай дейди:

– Бу йилги байрам томошаларининг ўзгачалиги шундаки, уни халқ сайллари тарзида ўтказиш режалаштирилмоқда. Тошкент шаҳрига фольклор-этнографик гуруҳлари билан ансамбльлар, таниқли санъат ходимлари, ҳаваскор қўшиқчи ва созандалар, бақшилар қатнашиши кутилмоқда. Шунингдек, қора уй олдига қорақалпоқ халқининг миллий таомларидан иборат дастурхон тузалади. Маҳаллий ҳунармандларнинг кўргазмасини қўйиш ҳам режалаштирилмоқда. Бақши, куйчи, қиссахон ва фолкьлор ансамбльларининг театрлаштирилган байрам томошалари кўрсатилади. Байрам дастуридан яна қорақалпоқ миллий ўйинлари – «асиқ ўйин», «бектош», «арқон тортишув», «полвонлар кураши», «хўроз уриштириш» каби спорт ўйинлари ҳам ўрин эгаллаган. Шунингдек, халқимизнинг миллий урф-одат, дастурлари ҳисобланган «Қиз узатиш», «Бет ашар», «Бешик тўйи», «Тусов кесиш», «Айдар тўй» каби театрлаштирилган дастурларни кўрсатиш учун тайёргарлик кўрилмоқда.

Маълумот учун шуни ҳам таъкидлаш жоиз, шу йилнинг Наврўз байрами томошаларида республикамиздан иштирок этадиган вакиллар Тошкент шаҳридаги «Наврўз» боғи, «ЎзЭКСПО» маркази ва «Ашхабод» боғида бўлиб ўтадиган халқ сайлларида иштирок этиши режалаштирилган.

ТАРБИЯ СЕЙТНАЗАРОВА

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.