Қорақалпоғистон Республикасининг “Елабад” шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси ходимларидан ташкил топган футбол жамоаси яқинда ёшлар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кубоги учун мусобақанинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида ғолибликни қўлга киритган эди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қўнғирот тумани ҳокими Б.Мадаминов, Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Тоғаев, корхона бош директори Ж.Мустафоев жамоага мусобақанинг мамлакатимиз босқичида омад тилади. Қўнғирот тумани ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ҳамда “Қўнғирот сода заводи” масъулияти чекланган жамияти қўшма корхонаси томонидан жамоа аъзоларининг ҳар бири ва мураббийига 10 миллион сўмлик сертификат топширилди.
Тадбир давомида концерт дастури намойиш этилди.
Меҳмонлар шунингдек, корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари, янги лойиҳалар, ишчиларга яратилган шарт-шароитлар, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, “Елабад” шаҳарча фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массивидаги турар-жой мажмуаларининг қурилиш жараёнлари билан ҳам яқиндан танишди.
Тадбир доирасида шаҳарча аҳолиси ва фаоллари билан учрашув ташкил этилиб, уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА